Тадбиркорлар учун имкониятлар: биринчи хато учун жарима эмас, огоҳлантириш қоидаси жорий этилади
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларга кенг имконият ва имтиёзлар тақдим этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки тадбиркорлар сафи қанча кўпайса, шунча янги иш ўрни яратилади, аҳолининг иш билан бандлик даражаси ошиб, доимий даромад манбаи учун имконият яратилади.
Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ҳар йили тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг таклиф-ташаббусларини тинглайди. Шу асосда янги рағбатлантириш чоралари кўрилади, янги имкониятлар тақдим этилади. Жумладан, жорий йилги учрашувдан сўнг 27 август куни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилиниб, бир қатор вазифа ва имкониятлар белгилаб берилди.
Хусусан, ушбу фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилиниши белгиланди. Бундан жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар мустаснодир.
Мораторий амал қилиш даврида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши ўз аксини топди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан “Самарали назорат” тадбири ўтказилади. Бунда назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади. Ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади. Бунда аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити ўтказилмайди. Аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланмайди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 1 йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади, бундан камерал солиқ текшируви мустасно. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади ва биринчи марта қоида бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлламасдан, дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.
Президент фармони билан тадбиркорлар учун тақдим этилаётган мазкур имкониятлар уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ва ортиқча текширувларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Биринчи арзимаган хато ва камчиликлар учун молиявий жарима қўлламасдан, фақат огоҳлантириш берилиши тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларга имкониятлар тақдим этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА