Тадбиркорлар таклифлари тингланди
Пойтахтимизда Бизнес-омбудсман томонидан туризм ва меҳмонхона соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳада қулай бизнес муҳитини шакллантириш, шаффоф фаолият юритиш ҳамда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар томонидан “Е-mehmon” ва Booking.com платформалари билан ишлаш жараёнида айрим техник муаммолар кузатилаётгани, бу эса мижозлар оқими ва ҳисоб-китобларда нотўғри кўрсаткичлар шаклланишига сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Шунингдек, меҳмонхона фаолиятини юритишда ортиқча бюрократик жараёнлар, лицензия ва сертификатлаш талабларини соддалаштириш зарурлиги қайд этилди.

Хусусан, таъсисчи томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда меҳмонхона оператори учун алоҳида сертификат олиш талабини қайта кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
Мулоқотда солиқ ҳисоб-китоблари, ҚҚС қўллаш амалиёти ҳамда соҳада яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳам таклифлар муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар фикрича, бу каби очиқ мулоқотлар соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Гулноза Бобоева,
ЎзА