Тадбиркорлар мурожаатлари асосида аниқ вазифалар белгиланди
Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда уларни тезкор ҳал этиш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан ҳудудларда очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири бугун Хоразм вилоятида бўлиб ўтди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиалида ташкил этилган очиқ мулоқот энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов раҳбарлигида ўтказилди.
Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали, “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали, Бизнес-омбудсманнинг Хоразм вилояти ҳудудий шўбаси, Савдо-саноат палатасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа тегишли идоралар раҳбарлари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан электр ва газ таъминотини янада яхшилаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, электр тармоқларига уланиш жараёнларини соддалаштириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳага оид бошқа долзарб масалалар юзасидан таклиф ҳамда мурожаатлар билдирилди.
Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада энергетика тармоғининг барқарор ишлаши, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб, амалий ечимлар ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш устувор вазифамиздир. Бугунги мулоқотда билдирилган ҳар бир таклиф ва муаммо масъуллар томонидан назоратга олинади, – деди У. Мамадаминов.
Учрашув давомида ҳар бир мурожаат тегишли мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича масъуллар бириктирилди. Шунингдек, ҳар бир масала ижросини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар ва муддатлар белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш, давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳудудларда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА