Тадбиркорлар кўпайса, иш ўрни ҳам ортади
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида кўплаб муаммолар тизимли ҳал этилиб, бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш ва инфратузилма яратиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Солиқ қўмитаси вакиллари иштирокида “Мен – тадбиркорман” мавзусида тадбир ташкил этилиб, айни йўналишдаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Соҳада бир неча йиллар олдин кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли, 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилдаёқ тўхтаб қоларди. Бугунги кунга келиб, уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этяпти.

Дарҳақиқат, тадбиркорлар кўпайса, иш ўрни ҳам ортади, ишлаб чиқариш кенгаяди, турмуш фаровон бўлади. Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди. Унга кўра, рейтинг кўрсаткичи юқори корхоналарга қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Бу тизим бугунги кунда қандай ишламоқда?
Ўтган йили ҳам, жорий йилда ҳам мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш энг асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Йирик тадбиркорлик субъектларига бу борада қандай солиқ янгиликлари бўлиши кутилмоқда? Ўзбекистонда бизнес очиш ёки сармоя қилиш учун энг катта қийинчиликлар ва тўсиқлар қаерда кўзга ташланади?
Шу каби бир қатор муҳим саволларга мутахассислар тадбирда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
"Debat xoll" медиа марказда бўлиб ўтган тадбирда экспертлар хорижий валюталар ҳақидаги турли миш-мишларга ҳам изоҳ бериб ўтди. Жумладан, Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев “Доллар синиши каби гапларда ҳеч қандай асос йўқ. Бундай маълумотларга ишониб қўймаслиги керак”, дея фикр билдирди.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман вакилининг ўринбосари Жамшид Урунов “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш билан Ўзбекистон маҳсулотларини дунё давлатларига сотишда имкониятлар кенгаяди”, дея халқаро майдонда тадбиркорлар учун яратилиши мумкин бўлган имкониятлар хусусида маълумот берди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА