Тадбиркорлар ҳуқуқлари доим ҳимояда
Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони Тошкент шаҳар шўъбаси ходимлари томонидан семинар ташкил этилди.
Семинарда Президентнинг “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон талаблари ва мазмун-моҳияти борасида маълумот берилди.

Шунингдек, «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланиши бўйича тушунтирилди.
Бизнес-омбудсман томонидан ҳар йили 1 февралга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги текширувларнинг қонунийлиги ва ўрнатилган тартибда ўтказилгани қайд этилди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг шикоятлари, текширув ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг аттестация натижалари каби кўрсаткичлар асосида назорат қилувчи органлар фаолиятини баҳолаб, «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида уларнинг рейтингини эълон қилиб бориш тўғрисида тушунча берилди. Назорат қилувчи органлар раҳбарлари масъулиятини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориши белгилангани айтилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА