Тадбиркорлар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга ҳукумат миқёсида эътибор қаратилиб, кенг имкониятлар яратилмоқда.
Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, ўрганиш, бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бизнес-омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги шўъбаси ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Бизнес-омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги шўъбасига тадбиркорлик субъектларидан жами 620 та мурожаат келиб тушган. Шундан 321 та (57 фоиз) мурожаат бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, қолган 299 та мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида ваколатли идораларга қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 17 та тақдимнома юборилган. 6 миллиард 800 миллион сўмлик қарздорликни ундириш ҳақида судларга 33 та даъво аризаси ва шикоятлар киритилди. 34 та вазирлик ва идора раҳбарлари қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилиб, тадбиркорлик субъектларида текшириш тартибини бузган 70 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, жиддий қонун бузилиш ҳолатлари бўйича прокуратура органларига 5 та жиноий иш таклифи берилди.
Жумладан, “Кашфиёт” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти (номи ўзгартирилган) раҳбари Я.Б. йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда ҳисобдан чиқарилган 687 миллион 776 минг 341 сўмни бюджетдан қайтариш ҳақида Бизнес-омбудсманга ариза билан мурожаат қилди.
Ушбу мурожаат юзасидан тадбиркор манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризаси жорий йилнинг 22 апрелида тўлиқ қаноатлантирилиб, 687 миллион 776 минг 341 сўм маблағ жамият фойдасига қайтариш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Жамшид ЗАРИПОВ,
Бизнес-омбудсман девонининг
Жиззах вилоят шўъбаси етакчи инспектори
ЎзА