Тадбиркор МИБни алдамоқчи бўлди...
Мажбурий ижро бюроси Тошлоқ туман бўлими иш юритувида Марғилон шаҳар туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор корхонадан 4 млн. сўм давлат божи ундириш ҳақида, шунингдек, тадбиркор фойдасига 15,3 млн. сўм, 10,1 млн сўм солиқ қарзи ундириш бўйича жами 7 та ижро ҳужжатлари мавжуд бўлган.
Бир эмас, нақд 7 та ижро ҳужжати бўйича қарийб 30 млн. сўм қарзи бўла туриб, қарздор МЧЖ масъуллари томонидан қарздорликни тўлашга қаратилган ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида жамият банк ҳисоб рақамлари, мол-мулклари ва транспорт воситалари текширилган, лекин ундириш имконияти йўқлиги сабабли ижро ҳужжатлари вақтинча ҳаракатдан тўхтатилган.
Шу ерда қарздор жамият қўпол бир хатоликка йўл қўйган, яъни ижро ҳужжатлари «ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетган» деган хомхаёлга берилиб, жамият масъуллари жамият балансига «Дамас» русумли ва «Нексия» русумли давлат белгили транспорт воситалари киритилган.
Мазкур транспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилиниб, Бюронинг вилоят бошқармаси қидирув шўбаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг 19 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида «Дамас» русумли транспорт воситаси ушланган ва жарима майдончасига олиб кирилган.
Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, «жиловидан» тутилган қарздор жамият масъуллари 19 февраль куннинг ўзидаёқ 7 та ижро ҳужжатлари бўйича тўловларни тўлашга киришиб кетдилар, фақат 29,4 млн. сўм қарзлардан ташқари 1,2 млн, сўм ижро йиғими ва 2 млн. 245 минг сўм маъмурий жаримани қўшимча тўлаб беришларига тўғри келди.
Тадбиркорлар шуни унутмасликлари лозимки, зиммаларидаги солиқ қарзлари ва бошқа мажбурий бўлган тўловларни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари уларнинг ўз мол-мулкларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини чеклайди.
ЎзА