Тадбиркор аёлларимиз доимий эътиборда
Фарғонада “Келажакни барпо этамиз: халқаро хотин-қизлар кунида аёл тадбиркорларни қадрлаймиз” номли давра суҳбати бўлиб ўтди. БМТ Тараққиёт дастури томонидан “Ҳамроҳ”хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ва бошқа ҳамкорлар кўмагида ташкил қилингананжуманда сиёсатчилар,экспертлар иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизлари иқтисодий имкониятини кенгайтириш билан боғлиқ муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилдилар.
Халқаро хотин-қизлар кунига дахлдор “Барча аёллар ва қизлар учун: ҳуқуқ, тенглик, имконият” глобал мавзуси доирасида уюштирилган мулоқот давомида аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш, уларнинг тадбиркор сифатида ривожланишини қўллаб-қувватлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
“Ҳамроҳ” компанияси томонидан янги лойиҳа расман йўлга қўйилиши тадбирнинг асосий воқеаси бўлди. БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган мазкур ташаббус мамлакатда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
БМТ ТД доимий вакили Акико Фужии аёллар бизнесдаги муваффақияти учун қулай муҳит яратиш муҳимлигини таъкидлади:
– Аёл тадбиркорларга кўмаклашиш – барқарор ривожланишга сармоя киритишдир. Хотин-қизлар муваффақиятли бизнес юритиш учун зарур шароитга эга бўлса, бундан бутун жамият фойда кўради. БМТ Тараққиёт дастури муайян тўсиқларни бартараф этиш орқали аёллар салоҳиятини юзага чиқариш йўлида Ўзбекистон бўйлаб ҳамкорлар билан ишлашда давом этади.
“Ҳамроҳ” компанияси директори Дилфуза Нурматова таъкидлашича, ушбу қўшма лойиҳа аёллар учун таълим ва касбий ривожланиш, шунингдек менторлик ва акселерация дастурларини ўз ичига олган эксперт ёрдами орқали иқтисодий имкониятни оширишга хизмат қилади. Шунингдек у жамоа юртимизда аёл тадбиркорлар учун бепул консалтинг хизмати тақдим этувчи илк корхона эканини айтиб, хотин-қизларга муваффақиятли бизнес юритишда илҳом бериш асосий мақсад сифатида белгиланганига эътибор қаратди.
Тадбир давомида Финляндия ҳукумати томонидан молиялаштирилган “Aid for Trade” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот натижаси ҳам тақдим қилинди. Мазкур ташаббус доирасида мутахассислар аёл тадбиркорлар дуч келаётган асосий муаммолар – оилага ғамхўрлик мажбурияти, чекланган молиялаштириш имконияти ва тармоқдаги тўсиқларни ўрганди.
БМТ ТД экспертлари хотин-қизлар ижтимоий қўллаб-қувватланишини кучайтириш, молия ва таълим имкониятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир якунида хулосалар бутун мамлакат бўйлаб муваффақиятли фаолият олиб бораётган аёл тадбиркорлар ҳикоялари билан бойитилди. Улар ўзлари дуч келган қийинчиликлар, эришган ютуқлари билан ўртоқлашди.
ЎзА