Тадбир қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтди
Пойтахтимиздаги 136-мактабда “Уч авлод учрашуви” дастури доирасидаги “Уч авлод – бир мақсад, бир ватан” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Шайхонтоҳур туманининг Маданият бўлими ҳамда мактаб маъмурияти томонидан ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва Номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ходимлари, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, туман Нуронийлар жамғармаси ҳамда туман Маданият маркази вакиллари, шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўз иш жойларида юртимиз гуллаб-яшаши йўлида сидқидилдан меҳнат қилганлари, бу йўлда учраган барча қийинчиликларни устозлар кўмагида енгиб ўтганларини, агар инсон эзгу ният билан ҳалол меҳнат қилса, эл меҳрига албатта сазавор бўлиб, ўз бахтини топишларини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, улар иш фаолиятларида учраган ибратли воқеалардан ҳам гапириб беришди.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” радиоканалида кўп йиллар мобайнида самарали фаолият юритган Исмоил Фаттоҳов ҳам сўзга чиқиб, радиода ўтказган дамларини ёдга олди ва жумладан шундай деди: – Бор кучимизни яхши эшиттиришлар тайёрлашга, шу орқали тингловчиларнинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилдик. Оқибатда уларнинг меҳрини қозона олдик деб ўйлайман. Буни уларнинг бизга йўллаган кўплаб хатларидан билса бўларди. Бугунги ёшларимиз ҳам ўзларига ишонган, ғайратли, шижоатли, билимдон. Бундан жуда хурсанд бўламан. Уларга яратилган шароит, имтиёзларни кўриб, ҳавасим келади.

Тадбир давомида ёш эстрада хонандаларининг ёқимли ва жозибадор қўшиқлари, фолкьлор ансамблнинг чиқишлари,шунингдек шоирларнинг юртимиз ҳақидаги оташин шеърлари тадбир иштирокчиларига ўзгача кайфият ва кўтаринки руҳ бағишлади.
Туроб Ниёзов, ЎзА