Тадбикорлар учун очиқ мулоқот (+видео)
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан электротехника саноати корхоналари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. “20 август — Тадбиркорлар куни” олдидан ташкил этилган тадбирга соҳа вакилларининг мурожаатлари, муаммолари ва таклифлари тингланди. Мақсад масалаларни тизимли ўрганиш ва уларни ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ҳал қилишдан иборатдир.
Очиқ мулоқотда “Ўзэлтехсаноат”уюшмаси раҳбарияти, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда қатор давлат муассасалари, тегишли тизим ташкилотлари вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбир давомида соҳа корхоналари учун долзарб бўлган давлат харидлари тизимида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
- Фаолиятимизни 2020 йил бошлаганмиз,- дейди корхона раҳбари Алишер Хўжамбердиев. – Компьютер маҳсулотлари: моноблок, шахсий компьютер ва планшетлар ишлаб чиқарамиз. Ҳозирда ХХР ва Япония билан биргаликда энг замонавий асбоб-ускуналарни олиб келишни йўлга қўйганмиз. Бугунги очиқ мулоқотда ишлаб чиқариш корхонасида сертификатлаш масалаларини кўтариб чиқдик ва ишлаб чиқарган маҳсулотларимизни сотиш бўйича таклифлар бердик.
Кўтарилган муаммолар масъул ташкилот вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, айрим йўналишлар бўйича ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди.
Билдирилган таклиф ва мурожаатлар умумлаштирилади ва келгусида ҳал қилиш учун тегишли вазирлик ва идораларга киритилади ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган VI очиқ мулоқотида кун тартибига қўйилади ва таклифлар пакетини шакллантиришда инобатга олинади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/F_ljXtsxMtk" title="Tadbikorlar uchun ochiq muloqot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА