Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли мониторинг ва назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;
фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнози, шунингдек, уларнинг юзага келиши ва оқибатлари тўғрисидаги маълумотларнинг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали алмашинувини таъминлаш;
фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогноз маълумотлари асосида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва оқибатларини камайтиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсияларни ишлаб чиқиш.
Қарор билан Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
авиация воситалари (вертолёт, самолёт, учувчисиз учадиган аппаратлар)дан кенг миқёсда зарарланган ҳудудлар ҳолатини мониторинг қилиш учун фойдаланиш;
Ягона тизимнинг асосий вазифалари ва унинг таркиби;
фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли ҳодиса ва жараёнларнинг мониторинги ҳамда прогнози натижалари бўйича маълумотлар тақдим этиш муддатлари тартиби белгилаб берилган.
2026 йил 1 августга қадар идоравий ахборот тизимлари Ягона тизим платформасига “Рақамли ҳукумат” тизими орқали интеграция қилинади.
Тақдим этиладиган мониторинг ва прогнозлаш маълумотлари уч ой муддатда рақамлаштирилади ҳамда белгиланган муддатда Ягона тизим платформасига киритиб борилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб умумий чекланган штатлар сони ҳамда бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида марказий аппарат, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмаларига Ягона тизим доирасида белгиланган вазифаларни бажаришга масъул мутахассислар штат лавозимлари жорий этилади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизимининг асосий вазифалари ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ягона тизим табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш масалаларини ҳал этишга мўлжалланган бўлиб, ФВДТнинг ажралмас қисми хисобланади.
Қуйидагилар Ягона тизимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли мониторинг ва назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;
фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнози, шунингдек, уларнинг юзага келиши ва оқибатлари тўғрисидаги маълумотларнинг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали алмашинувини таъминлаш;
фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли ҳодиса ва жараёнлар мониторинги ва прогнози асосида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ҳамда оқибатларини камайтиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш.
Ягона тизимни ФВДТ доирасида хавфли табиий ва техноген ҳодиса ҳамда жараёнларнинг мониторинги ва прогнозлаш функцияларини бажарадиган давлат органлари ва ташкилотларининг тузилмалари (хизмат, ташкилот, инспекция, бўлим, лаборатория ва бошқалар) мажмуаси ташкил этади.
Ягона тизимнинг ташкилий-функционал тузилмаси ФВДТ доирасида фавқулодда вазиятга олиб келувчи хавфли ҳодиса ва жараёнлар мониторинги ҳамда прогнозлаш функциясини бажарадиган давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини бирлаштиради.
Ягона тизим фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
ЎзА