Табиий газ қазиб олиш ҳажми янада ортади
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятидаги нефть-газ конларига пресс-тур уюштирилди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятидаги нефть-газ конларига пресс-тур уюштирилди.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатида: “Иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозим. Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилмоқда” дея таъкидлаган эди.
Мурожаатнома, қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида углеводород хом ашёсини қазиб олишни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишиш имконига эга бўлди.
Журналистлар дастлаб Фарғона вилоятининг Чимён шаҳарчасида жойлашган Нефть ва газ музейига саёҳат қилиб, Марказий Осиёдаги илк нефть кони тарихи билан танишди. Мамлакатимиз нефть-газ соҳаси тарихига эътибор қаратсак, нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда илк бор нефт қазиш 1904 йилда Фарғона водийсидаги Чимён конида бошланган экан. Андижон вилояти нефть ва газ қидирув қудуқларини бурғулаш ишлари 1932 йилда Андижон майдонида бошланган.
Биринчи марта 1937 йилда Андижон ҳудудидаги қудуқдан 500 метр чуқурликда ер қобиғининг учинчи қатламида нефть фаввораси очилган. Шундан сўнг Андижон нефть кони ташкил этилган. Олиб борилган қидрув-геология ишлари натижасида 1943 йилда “Полвонтош”, 1945 йилда “Жанубий Оламушук”, 1951 йилда “Хўжаобод” нефть кони ишга туширилган.
Пресс-тур доирасида “Андижоннефть” акциядорлик жамиятида ўтказилган матбуот анжуманида жамият томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар, углеводород хомашёсининг қўшимча захираларини аниқлаш, соҳада эришилган ютуқ ва муаммолар, истиқболдаги лойиҳалар хусусида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирнинг иккинчи кунида Андижон туманидаги “Хортум-85”, Булоқбоши туманидаги «Учтепа нефть ва газ кони»нинг 5-, 3-сонли қудуқларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Андижон туманидаги “Хортум-85” газ қудуғида газ қазиб олишнинг дастлабки босқич ишлари олиб борилмоқда.

– Айни кунда ушбу қудуқда “ERIELL” компанияси томонидан Хитойнинг илғор технологиялари асосида ер остига йўл очиш, бурғулаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Андижоннефть” АЖ бош геологи Бекзод Раҳмонов. – Газ 4 минг 300 метр чуқурликдан қазиб олинади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қудуқ тўла ишга туширилгач, кунига 100 минг кубометр газ қазиб олиш кўзда тутилмоқда.
Булоқбоши туманидаги «Учтепа нефть ва газ кони»нинг 5- қудуғи 2018 йилда ишга туширилган. Ушбу кондан дастлаб нефть қазиб олинган, кейинчалик газ олина бошланди. Ҳозир ушбу қудуқдан кунига 100-120 минг кубометр табиий газ қазиб олинмоқда.
3- сонли қудуқ «Учтепа нефть ва газ кони»нинг биринчи бўлиб фойдаланишга топширилган қудуғи ҳисобланади. Айни кунда ушбу қудуқдан 60 минг кубометр газ қазиб олинмоқда.
Ўтган йилининг декабрь ойида 12-сонли қудуқ ишга туширилиб, ушбу қудуқдан кунига 50-60 минг кубометр газ қазиб олина бошланди. Натижада яна 5 минг ахоли хонадони табиий газ билан таъминланди. Мавжуд газ қудуқларидан олинаётган табиий газнинг асосий қисми “Ҳудугаз” корхонаси орқали Булоқбоши, Хўжаобод, Жалақудуқ туманларидаги аҳоли хонадонларига етказиб берилаётган бўлса, яна бир қисми махсус газ линиялари орқали газ сақлаш омборига юборилмоқда.
Анжуман иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида Булоқбоши тумани Чақар маҳалласида бўлиб, аҳоли хонадонларининг табиий газ билан таъминланиши, аҳоли вакилларининг газ тизимида олиб борилаётган ишлар хусусидаги фикрлари билан қизиқди, одамлар билан мулоқотда бўлди.
– 2010 йилдан буён хонадонимизда, маҳалламизда газ ёнмас эди, –дейди “Чақар” маҳалласи Қўрғонча кўчасида яшовчи уй бекаси Нигорахон Шамшиева. – Учтепа газ қудуғи ишга тушгач, маҳалламиз ўтган йили тўла газлашди. Газ ёниши билан гўё ҳаётимизга илиқлик кирди, қишда уйларни иситиш, чой қайнатишу овқат тайёрлашда олов ёқишдан ва бошқа кўп муаммолардан қутилдик. Бундан беҳад мамнунмиз.
– 2019 йилда «Учтепа нефть ва газ кони»нинг 5-, 12- ва 13-сонли қудуқлари ишга туширилди, – дейди “Андижоннефть” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жалолиддин Бекмуродов. – Ҳозирга қадар ишга туширилган 9 та қудуқдан 500 минг кубометрга яқин газ қазиб олинмоқда. Йил охирига қадар газ қазиб олиш миқдорини 1 миллион кубометрга етказишни режалаштирганмиз. Умуман, олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз. 2020-2021 йиллар давомида Андижон вилояти аҳолисини тўла табиий газ билан таъминлаш ҳаракатидамиз.
Ҳақиқатдан ҳам “Андижоннефть” акциядорлик жамияти томонидан ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш, айниқса, рақамли иқтисодиётни йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилаётганлиги эътиборга молик. Жумладан, айни кунда ҳар бир қудуққа махсус ҳисоблагичлар, кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, қазиб олинаётган газ миқдори, олиб борилаётган ишлар онлайн тарзда жамиятнинг марказий диспетчерлик пункти орқали назорат қилиб борилади.
Пресс-тур доирасида Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.