Табиий бўёқлардан ноёб миллий матолар тўқилмоқда
Фарғона вилояти миллий ҳунармандчилиги билан довруқ қозонган бўлиб, бу анъаналар давом этиб келмоқда. Айниқса, ипак матоларидан тўқилган адрас, атласлар ташқи бозорда ҳам харидоргир. Бугунги кунда чекка ҳудудларда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, оила даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Қўштепа туманидаги «Қамиштепа»маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган «Ҳунармандлар маркази»да ипак ва жундан гилам тўқиш, адрас, аъло бахмал, каштачилик, миллий либослар тайёрлаш ҳамда мисгарлик устахоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Марказда Ўзбекистон халқ амалий санъати усталари миллий каталогига киритилган ипак гилам ва табиий бўёқлар устаси Илҳомжон Давлетов ва унинг турмуш ўртоғи Наргиза Шерхўжаева бошлигидаги ипак гилам ва миллий мато тўқиш ҳамда каштачилик устахоналарида иш қизғин. Бу ерда «уста-шогирд» анъанаси асосида юздан ортиқ шогирдлар жалб қилинган бўлиб, маҳаллий аёлларнинг бандлиги таъминланмоқда. Айни кунда 32 нафар хотин-қиз каштачилик сирларини ўрганяпти.
– Азалдан ипак маҳсулотларимиз жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади, – дейди Илҳомжон Давлетов. – Қўл меҳнати маҳсули бўлган ноёб ипак гилам, табиий бўёқлардан тайёрланаётган ҳунармандчилик маҳсулотларига Европа ва АҚШда талаб катта. Бу ерда ёшларга, аёлларимизга мазкур ҳунар сирларини ўргатмоқдамиз. Шу билан биргаликда уларни иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз.
[gallery-4920]
Марказда ёшларга мисгарлик, кандакорлик, рихтагарликни ҳам ўргатиш йўлга қўйилган. Марғилонлик машҳур мисгарлар сулоласининг бешинчи вакили Абдуҳамид Мадалиев ўз устахонасини ташкил этган бўлиб, хориждан ташриф буюрадиган меҳмонларга совға қилинадиган мисгарлик тўпламларини ишлаб чиқармоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров «Ҳунармандлар маркази» фаолияти билан танишди ва мисгар устага янги марказ ташкил этиб, юз нафар уста билан фаолиятини кенгайтириш таклифини билдирди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА