Табиатни асрашга хизмат қилаётганлар рағбатлантирилди
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини камайтириш ва экологик маданиятни юксалтириш ҳар бир давлатнинг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ташаббусларда фаол иштирок этаётган экологлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик вакилларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида Бутунжаҳон атроф-муҳит кунига бағишлаб “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов топширди. Кўкрак нишонлари билан Қўмитанинг масъул ходимлари, тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалар вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда экофаоллар тақдирланди.
Маросимда сўзга чиққан Азиз Абдуҳакимов кейинги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон экологик муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, жорий йил 31 майдан 6 июнгача Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси муваффақиятли ташкил этилди. Мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг экологик технологиялар, инвестициялар ва илғор тажриба алмашинуви бўйича муҳим минтақавий майдонга айланаётганини яна бир бор намоён қилди.
Қўмита раиси Бутунжаҳон атроф-муҳит куни ҳар бир инсоннинг келажак авлодлар олдидаги масъулиятини эслатувчи муҳим сана эканини таъкидлаб, фуқароларни экологик ташаббусларда фаол иштирок этишга чақирди.
Тадбир давомида “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан Экология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган 62 нафар ходим, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар, илмий муассасалар, маданият ва ёшлар ташкилотлари вакиллари, экофаоллар ҳамда журналистлар эътироф этилди.
Умуман олганда, жорий йилда республика бўйлаб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш ва барқарор ривожланиш тамойилларини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган 169 нафар фуқарога “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони топширилди. Бу эса мамлакатимизда экологик ҳаракат ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА