Табиат яратган санъат асари
Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Лангар қишлоғи ҳақида кўпчилик эшитган. Қишлоқдаги Лангар ота зиёратгоҳи ҳамиша зиёратчилар билан гавжум.
Аслида қишлоққа бизни бошлаб борган масала ижтимоий тармоқларда тарқалган Лангар қишлоғи тепасидаги тоғда музлаган шаршара сурати бўлди.
Эрта тонгдан қишлоққа етиб бордик. Шаршара суратини олган чавандоз йигитни ҳам топдик ва ўша ерга бизни ҳам олиб боришини илтимос қилдик. Тоғли қишлоқ йигитлари самимий ва бир сўзли бўлади. Исмини Дўстмуҳаммад дея таништирган бу йигит бирпасда улоқ- кўпкари мусобақаларига чопадиган иккита Спартак ва Ялта лақабли отларни шайлаб қўйди. Бизни отларга миндириб, ўзлари эшакда галма-галдан миниб, йўл бошлаб борди.
Тоққа қараб кўтарила бошладик. Лангар қишлоғи кафтдек бўлиб кўринди. Борадиган манзилимиз тахминан 5,5 километр узоқликда экан. Йўл-йўлакай ҳамроҳлар билан суҳбатлашиб кетдик.
[gallery-22113]
– Қишлоғимиз тоғлар орасида жойлашган бўлиб, қиши ва баҳори жуда ажойиб бўлади, – дейди Дўстмуҳаммад Тўхтаев. – Одамларимиз асосан чорвачилик билан шуғулланади. Мен эса отчиликка ҳам қизиқаман. Атрофдаги бирорта кўпкари мусобақасини қолдирмайман. Чопадиган отлар етиштираман. Ўша шаршарани ҳам отимни совитишга миниб юрганимда кўриб қолгандим.
Борган сайин қор сатҳи кўтарилиб боради, арчазорлар қалинлашади. Лекин Спартак ва Ялта йўлни писанд қилмайди. Илдам юради. Қорда қолган тулки, бўри, чиябўри ва қуён излари ўрмон ҳайвонот дунёсига бой эканлигини англатади.
Ёзи қуруқ бўладиган бу тоғларда одамлар чорвадан ташқари лалми деҳқончилик ҳам қилади. Арпа, буғдой, нўхат етиштиради.
Ниҳоят ўша шаршара деб номланаётган музқояга етиб келдик. Қояларга тахминан юз метрлар қолганда отлардан тушдик. У ёғига пиёда ҳаракатландик. Тик нишаб тоғ ёнбағридан ҳаракатланамиз. Қалин қор тиззага келади. Остида нима борлигини пайқаш қийин. Лекин музқояга боқар экансиз, қийинчилигу машаққатларнинг барчаси ёддан кўтарилади.
Ушбу музқоя баҳор нафаси эсиб юрган айни кезларда қишнинг баҳорга ўрнини бўшатгиси келмай, охирги чиранишларини эслатади гўё.
Аслида бу музқоя шу ердан аҳолининг ичимлик суви учун ўтган қувурнинг ёрилиши ва унда сувнинг босим билан отилиб чиқиши, шу ердаги икки туп зарафшон арчасига тегиши ва совуқ ҳавода унинг музлаши натижасида юзага келган. У ерда ҳеч қандай шаршара ёки булоқ суви йўқ. Сув сачрашда давом этаверган, музлар эса қалинлашиб бораверган, оқибатда ўзгача ҳуснга эга музқоя ҳосил бўлган.
Табиат аталмиш буюк ҳайкалтарош уни шу қадар моҳирлик билан яратганки, узоқроқдан боқилса, узун сочларини орқага ташлаган қизнинг бошини орқага ташлаб турганини эслатиб юборади.
– Бунақа табиат ҳодисаси илк марта кузатилиши, –дейди ҳамроҳларимиздан бири Арслон Қаюмов. – Бу йилнинг яхши келганидан дарак. Бу тоғларга ўтган йиллар давомида бундай қалинликда қор ёғмаганди. Бу йил анчагина қалин тушди. Совуқ ҳам яхши бўлди. Албатта, бу музқоя бир кўришда кишини ҳайратга соладиган кўриниш олган. Лекин ҳадемай кунлар исиб кетса, у эриб кетади, афсуски. Ҳозирча барчага хуш кайфият улашиб турибди.
Биз ҳам завқ-шавққа тўлиб, музқоянинг гўзаллигию ажойиботларини тасвирларга имкон қадар муҳрлашга ҳаракат қилдик. Келинг, бу ёғини тасвир ва суратлар гапирсин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/gBXcFj7o_jg?si=aO4bhsvwSb-OdZ1t" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари