Таҳлиллар асосида аниқ вазифалар белгиланди
Наманган вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, корхоналарни модернизация қилиш ва технологик янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, корхоналарни модернизация қилиш ва технологик янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,3 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 23,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,9, қурилиш-пудрат ишлари 10,4, хизмат кўрсатиш 16 фоиз ўсди.Ҳисобот даврида саноат корхоналари томонидан 3 триллион 411,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу 2015 йилдагига нисбатан 14,8 фоиз кўпдир. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 304,8 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилиб, 377 корхона фаолияти йўлга қўйилди ва шунинг ҳисобидан 8 минг 755 янги иш ўрни яратилди.
Наманганда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишида бу факт ва рақамлар таъкидланди.
Вилоят ҳокими Х.Бозоров бошқарган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятда 2016 йилда 17 лойиҳани амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан 30 миллион долларлик инвестиция, жумладан, 17,4 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 25,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4 миллион 312 минг доллар валюта тежалди. Вилоятдаги ҳудудий экспортчи субъектлар томонидан 151,2 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 1 минг 555 лойиҳани амалга ошириш учун 518,8 миллиард сўм ва 1,5 миллион доллар йўналтирилиб, қарийб 16 минг янги иш ўрни яратилди.
Йиғилишда 2016 йил натижалари танқидий руҳда таҳлил этилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш дастури ижроси тизимли ташкил этилмагани натижасида ўтган йили 132 саноат корхонаси фаолияти тўхтаб қолгани учун 45 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмади. Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 3 корхона томонидан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 3 миллиард сўмга бажарилмай қолди. Экспорт бўйича белгиланган вазифалар ижроси ҳам тўлиқ таъминланмади.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш ва бошқа соҳаларда йўл қўйилган камчилик ҳамда нуқсонлар кўрсатиб ўтилди. Наманган шаҳри ва туманларда 2017 йил ижтимоий-иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари бажарилиши юзасидан аниқ тадбирлар белгилаб олинди. Улар ижросига ҳокимлар ва бошқа мутасаддиларнинг шахсан жавобгар экани таъкидланди.