"Сув ва таълим": янги билимлар ва амалий ечимлар
Қорақалпоғистон Республикасида Оролбўйи халқаро инновация маркази ЮНИСЕФнинг молиявий кўмагида ёшларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича хабардорлигини ошириш, сувни тежаш маданиятини тарғиб қилиш ва таълим муассасаларида барқарор экологик амалиётларни жорий этишга қаратилган "Сув ва таълим" лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳа доирасида Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги бешта умумтаълим мактабида "Ёшларнинг сув ресурслари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экожурналистика бўйича хабардорлигини ошириш" мавзусида таълим тренинглари ўтказилди.
Тадбирларнинг асосий мақсади ёш авлодда сув ресурслари ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва экологик инқироз оқибатлари билан боғлиқ замонавий экологик муаммолар тўғрисида билим даражасини оширишдан иборат.

Тренинглар давомида ўқувчилар сувдан оқилона фойдаланиш тамойиллари, сувни тежашнинг замонавий технологиялари, Орол денгизи қуришининг экологик оқибатлари, чўлланиш жараёнлари ва иқлим ўзгариши билан танишдилар. Экологик маданиятни юксалтириш ва аҳолини долзарб экологик муаммолар ҳақида хабардор қилишнинг муҳим воситаси сифатида экологик журналистика масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув машғулотлари тақдимотлар, гуруҳли мунозаралар, амалий топшириқлар ва жамоавий ишлардан фойдаланган ҳолда интерактив тарзда ўтказилди. Иштирокчилар экологик масалалар муҳокамасига фаол қўшилдилар, сув ресурсларини сақлаш ва мактаблар ҳамда маҳаллий ҳамжамиятларда экологик ташаббусларни ривожлантириш бўйича ўз ғояларини таклиф қилдилар.

Лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичи сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий ечимларни жорий этиш бўлади. Хусусан, мактаблар ҳудудида кўкаламзорлаштириш ва сувдан оқилона фойдаланиш учун томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш, шунингдек, ичимлик сувини тозалаш учун филтрлар ўрнатиш режалаштирилган, бу эса ўқувчиларнинг хавфсиз ва сифатли сувдан фойдаланиш имкониятини яхшилайди.
Д.Абибуллаев, ЎзА