Сув тежамкорлиги — бугуннинг талаби, эртанинг кафолати
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Аброр Хидиров ҳамда ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов раҳбарлигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда соҳа мутасаддилари, раҳбар ва мутахассислар иштирок этишди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ҳужжат сув хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда тармоқни босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган.

Аброр Хидиров маърузасида қарор соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга янгича ёндашув олиб кирганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, сув тежовчи технологиялар эндиликда фақат техник янгиланиш сифатида эмас, балки иқтисодий, институционал ва рақамли механизмлар билан уйғунлашган комплекс жараён сифатида кўрилади.
2026–2028 йилларда республика миқёсида 3,5 миллион гектар ер майдонида замонавий тежамкор суғориш тизимларини жорий этиш ҳамда йилига 5 миллиард куб метр сувни тежаш режалаштирилган. Бу, айниқса, сув таъминоти қийин бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, қарор мазмун-моҳияти нафақат сув хўжалиги ходимларига, балки вилоятда фаолият юритаётган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари, қурувчи-пудрат ташкилотлари ҳамда соҳага алоқадор раҳбар ва мутахассисларга етказилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Қарорда белгиланганидек, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида молиявий механизмлар сезиларли даражада кучайтирилди. Жумладан, 2026 йилдан бошлаб тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади, давлат бюджети ҳисобидан эса 800 миллиард сўм субсидия йўналтирилади. Янги тартибга кўра, сув тежовчи технологияларни ўз маблағлари ҳисобига жорий этаётган хўжаликларга субсидия икки босқичда тўланади: маблағнинг 50 фоизи ишлар бошланишидан олдин, қолган қисми эса лойиҳа тўлиқ якунлангандан кейин ажратилади. Бу механизм фермер ва тадбиркорларнинг молиявий юкини камайтиришга хизмат қилади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — 2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ва субсидия миқдори ер майдонларининг сув билан таъминланганлик даражасига қараб белгиланиши. Сув таъминоти барқарор бўлмаган ҳудудларда тежамкор технология жорий этилганда субсидия миқдорига 1,25 коэффициент қўлланилади, сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда эса технологиялар жорий этилмаган тақдирда сув солиғи икки баравар ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияларини қўллаган хўжаликларга ҳам субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.

– Сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалигида йиллар давомида ечилмай келаётган айрим муаммолар бор эди. Давлат раҳбари қарори эса уларни ҳал қилишнинг аниқ механизмларини белгилади. Бу нафақат сув хўжалиги ходимлари, балки барча фермер ва тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлди, – деди йиғилишда сўз олган Нуркамол Отақулов.
2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари тасдиқланган минимал техник талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади. Шунингдек, пудрат ташкилотлари ҳар бир лойиҳа бўйича камида 2 йиллик кафолат ва 5 йиллик сервис хизматини кўрсатиши шарт. Ушбу талаблар ваколатли инспекция органлари томонидан қатъий назорат қилинади.
2027 йилдан бошлаб шоли майдонларида сув кириш нуқталарига, шунингдек, балиқчилик хўжаликларида сувнинг кириш ва чиқиш жойларига тадбиркорлар маблағлари ҳисобига “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш мажбурий этиб белгиланди. Бу орқали сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш ва рақамли назоратни кучайтириш имкони яратилади.
– Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Президент қарори ва унда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган бугунги йиғилиш нафақат мен, балки барча соҳа ходимлари учун фойдали бўлди, – деди ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасурбек Мухторов. – Энг муҳими, сувни тежаш масаласи фақат ички эмас, балки глобал аҳамиятга эга. Қарорда белгиланган вазифаларни қоғозда эмас, амалда таъминлаш зарур. Бунга эришиш учун ҳар бир гидропост ва сув тақсимоти нуқтасини босқичма-босқич рақамли назоратга ўтказиш талаб этилади. Ана шундагина сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш ва адолатли тақсимотни таъминлаш мумкин.
Йиғилиш якунида қарор ижросини таъминлаш, сув тежамкор технологияларни жорий этиш ва назоратни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири