Сув таъминоти бўйича рейд тадбирлари давом этмоқда
Сурхондарё вилоятида ичимлик сувидан қонуний ва оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида кенг кўламли назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Рейдлар давомида бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Шўрчи туманида ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида “Тамаддун” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 3 нафар фуқаро ичимлик суви тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 163-моддаси 1-қисмига асосан 12 миллион 360 минг сўм миқдорида маъмурий жарима расмийлаштирилди.
Шунингдек, Сариосиё ва Узун туманларида ўтказилган рейд тадбирлари давомида ҳам қатор қонунбузарликлар фош этилди. Жумладан, Сариосиё туманидаги “Озиқ-овқат деҳқон бозори” МЧЖ ҳамда “К.Ч” МЧЖ ошхонаси ичимлик суви тармоғига қўшимча тармоқ улаб, сувдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди.

Узун тумани Янги қишлоқ маҳалласида жойлашган қурилиш объекти эса сув таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиб келган.
Барча аниқланган ҳолатлар юзасидан “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятига етказилган зарар ҳисоб-китоб қилиниб, ҳуқуқбузар истеъмолчилар тармоқдан узилди ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.


Назорат тадбирлари давом этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА