Сув спорт турлари: Осиё чемпионатида Ўзбекистон мадҳияси янгради
Таиландда сув спорт турлари бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган кунида истеъдодли ёш спортчимиз Муҳаммадисмоил Раҳмонов сузиш йўналишида иккинчи олтин медални қўлга киритди.
Қитъанинг энг кучли сув спорт турлари вакиллари жам бўлган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадисмоил Раҳмонов U18 ёш тоифасида 200 метрга брасс усулида сузиш дастурида 2:16.17 натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.
У 100 метрга брасс усулида сузиш дастури финалида 1:02.36 натижа кўрсатиб, олтин медални қўлга киритди.
Муҳаммадисмоил Раҳмоновнинг ғалабаси эвазига қитъа биринчилигида ватанимиз байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадисмоил Раҳмонов мусобақанинг икки карра чемпиони сифатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллагани мамлакатимизда сув спорт турларида ўсиш даври бошланганидан далолатдек.
Эслатиб ўтамиз, сув спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг медаллари сони бугунгача 4 тага етди. Муҳаммадисмоил Раҳмоновда 2 та олтин, Паризод Абдукаримовада 2 та бронза.
Осиё чемпионати баҳслари 25 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА