Сув ресурсларини бошқариш такомиллашмоқда
Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари, тармоқлараро ишчи гуруҳи аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Швейцария элчихонаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда бошқа донор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг 2023 йилдаги иш режаси ҳамда самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари муҳокама қилинди. 2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида ҳам сўз юритилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадларига уйғун тарзда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашнинг асосий воситаларидан бири – халқаро донорлар ва ривожланиш бўйича шериклар билан мувофиқлаштирилган ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган “Мамлакат платформаси” механизмидир.

“Мамлакат платформаси” Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан 2023 йилда котибият функциясини бажарувчи Жаҳон банки билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади. Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган “Мамлакат платформаси”нинг биринчи йиғилишида томонлар соҳа вазирликлари ва идоралари, шунингдек, донорлар ҳамда ривожланиш бўйича шериклардан иборат 12 та ишчи гуруҳини ташкил этиш масалаларини келишган эди. Шулардан бири сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳи ҳисобланади.
Йиғилишда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Сув хўжалиги вазирлигининг тақдимотлари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланган бўлиб, унда белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда. Соҳа олдида 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегияни ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

– Ўзбекистонда ер ости, ер усти сувлари, ичимлик ва ирригация сувларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳаракатларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу борада интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш тажрибасини қўллаш фойда беради, – деди Швейцария элчихонасининг ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рахэл Бош хоним.
Йиғилишда томонлар айнан шу масалалар юзасидан қарашларини билдириб ўтди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА