Сув полоси: чемпионлар Наманганда аниқланади
20 сентябрь куни Наманганда сув полоси бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Ушбу мусобақада 8 та эркаклар ва 6 та аёллар жамоалари совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда. Аёллар жамоалари давра тизимида куч синашаётган бўлса, эркаклар ўртасидаги мусобақалар 2 та гуруҳда ташкил этилмоқда, дейилади Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон чемпионатининг аёллар ўртасидаги ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: Хоразм вилояти – Тошкент шаҳри – 1:29, Наманган шаҳри – Наманган вилоят ИБЎСМ – 22:1, Наманган вилояти – Ўзбекистон сузиш федерацияси – 16:0.
Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросимида Халқаро ва Европа сузиш федерацияларининг сув полоси бўйича техник қўмитаси аъзоси, Олимпия ўйинлари ғолиби Евгений Шаронов иштирок этиб, мамлакатимизда сув полосига берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, барча жамоаларга бўлажак баҳсларда омад тилади.
Эркаклар жамоалари ўртасидаги “А” гуруҳи ўйинларида Наманган вилояти Ўзбекистон сузиш федерацияси жамоасини 16:3 ҳисобида доғда қолдирди. Республика олий спорт маҳорати мактаби Фарғона шаҳри ўйинида 10:0 ҳисоби қайд этилди. “В” гуруҳида эса Тошкент шаҳри – Наманган вилоят ИБЎСМ – 7:16, “Ёшлик” (Наманган) – Наманган шаҳри – 1:16 ҳисобида якунланди.
Чемпионат 25 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА