Сурхондарёликлар ҳашарда фаол иштирок этмоқда
Сурхондарё вилоятида "Маҳалла обод – юрт обод" шиори остида икки кунлик умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан кўтаринки рухда ўтмоқда.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрамини шоду хуррамлик билан кутиб олишга пуҳта ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда ташкил этилган ҳашар ҳам кўп миллатли халқимизга хос дўстлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват ва саранжом-саришталик каби эзгу фазилатларимизни кенг намоён этаётир. Маҳалла, кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли уйлар атрофи, гузарлар, ташкилот, корхона ва муассасалар тартибга келтирилиб, ариқ ва лотоклар чиқиндилардан тозаланмоқда. Дарахтларга шакл берилиб, оқланаётир. 595 қабристон ва ўттиздан ортиқ зиёратгоҳ ободонлаштирилмоқда.


Ҳашарда 700 мингга яқин киши иштирок этмоқда. Уларнинг қарийб 400 минг нафари ёшлардир. Шижоаткор йигит-қизлар маҳаллалардаги ёлғиз кексалар ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг хонадонларида бўлиб, теварак-атрофини тартибга келтирмоқда. Ободонлаштириш юмушларини амалга ошириб, уй-жойларини таъмирлаб бераётир. Жумладан, хайрия ҳашарининг дастлабки кунида Ангор туманидаги Дўстлик маҳалласида яшайдиган ёлғиз қария Жумамурод Ибрагимов ва Норгул Амирқуловалар хонадонида ҳам ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ходимлари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаол йигит-қизлар билан ҳашар уюштириб, тураржойларда йирик ҳажмдаги ободонлаштириш, таъмирлаш ва оқлаш ишларини амалга оширишди. Ҳовлисини тартибга келтириб, дарахтларни бутади. Томорқаларни текислаб берди.


Маълумотларга кўра, ҳашар кунлари 900 гектар майдон ободонлаштирилиб, минг тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари олиб чиқилади. Юз километрдан зиёд ариқ, лоток ва зовурлар тозаланади. Жойларда чиқиндиларни юклаш ва ташиш учун 400 дан ортиқ техника жалб этилган.

Вилоятда ҳашар қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири