Сурхондарёда имзо йиғиш давом этмоқда
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сурхондарё вилояти кенгаши Президент сайловида иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини йиғишни бошлади.
Партиянинг туман ва шаҳар ҳудудий кенгашларида партия вакиллари ва аъзолари, тарғиботчилар гуруҳлари, депутатлар, фаоллар иштирокида сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, маҳаллалар, тўйхона ва йирик савдо нуқталари, шунингдек, имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда ҳам амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгашидан маълум қилишларича, Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида ўтказилган ана шундай тадбирда аҳолига партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Мамлакатимизда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди. Шундан сўнг партия аъзолари ва партияга хайриҳоҳ фуқаролар имзо варақаларини тўлдирди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА