Сурхондарёда дон топшириш режаси бажарилди
Сурхондарё вилояти ғаллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, сара дон топшириш режасини ортиғи билан бажарди. Ўриб-йиғиб олинган ҳосилнинг режадан ортиқ бир қисмини эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатди.
Жорий йил вилоятда 2 минг 38 фермер хўжалиги 84 минг 672 гектар майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Қабул масканларига 271 минг 300 тонна сара дон топширилди. Воҳа ғаллакорлари эришган бу ютуққа Бандихон, Жарқўрғон, Термиз, Қумқўрғон ва Қизириқ туманлари ғаллакорлари катта ҳисса қўшиб, режаларини ортиғи билан уддалади.

Президентимиз ташаббуси билан ғаллачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, вилоятда маҳаллий иқлимга мос ва эрта пишар бошоқли дон экинларини парваришлаб, ҳосилдорликни йилдан-йилга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бу йилги мавсумда ҳам ҳозиргача воҳадаги 150 дан ортиқ фермер ҳар гектар майдондан ўртача юз центнердан ҳосил олди.

Вилоятда пишиб, етилган ҳосилни қисқа муддатларда исроф қилмасдан йиғиб олиш учун 120 та махсус отряд ташкил этилиб, уларга 234 та юқори унумли комбайн бириктирилди. Донни ташишда 1 минг 190 дан ортиқ юк ташиш техникасидан фойдаланилди. Ўрим ва ташиш техникаларига 110 та кўчма устахона ва 79 та ёқилғи ташиш воситаси сифатли хизмат кўрсатди.

Бу йил вилоятда ғалла етиштирган фермер хўжаликлари режадан ортиқ йиғиб олинган доннинг бир қисмини деҳқонларга тарқатди. Маълумотларга кўра, шу кунгача фермерлар ҳар бир ишчисига камида 300 килограммдан 14 минг 300 тонна дон тарқатиб берди.

Деҳқончилик учун об-ҳаво инжиқ келган йилда ҳам ғаллакорларнинг оқилона меҳнати билан мўл ҳосил тўплангани фермерларни яна саховатли ишга ундади. Ижтимоий реестрга киритилган қарийб беш минг эҳтиёжманд оилага бепул дон тарқатилди.

Шу муносабат билан Шеробод туманида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ZOOM платформаси орқали иштирок этиб, барча ғаллакорларни улкан ютуқ билан табриклади. Ижтимоий реестрдаги оилаларни қўллаб-қувватлаётгани учун туманлардан қатнашаётган саховатпеша фермерларга миннатдорлик билдирди. Тадбирда эҳтиёжманд оилаларга қарийб минг тонна буғдой тарқатилди. Айрим сабабларга кўра, туман студияларига етиб келолмаган фуқароларнинг хонадонларига туман ҳокимлари махсус техникалар билан уларга ажратилган донни етказиб берди.

Вилоятда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА