Суронли йиллар хотиралари
Тарих – катта мактаб. Ундан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Тарих – катта мактаб. Ундан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Тарих саҳифаларида инсониятни зор қақшатиб, миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган суронли даврлар борки, у етказган жароҳат ҳали-ҳамон қалбларни титратмоқда. Иккинчи жаҳон уруши ана шундай талафотлардан эди.
Жанг майдонидаги ўқитувчи
1917 йил, куз фасли. Дарахт барглари сарғайиб, йўлларга поёндоз бўлган. Давр оғир, очарчилик йиллари. Худойберди ота кўпни кўрган, эл таниган, саводли киши бўлгани учун Ҳақиқат маҳалласи уни раис қилиб сайлади. Аёли ҳам саводли эди. Ҳамро опа бир пайтлар тилларга тушган Барчинойдек қиз бўлиб, Худойберди ота бу сулувни уйига келин қилиб туширгунча Алпомишдан кам олишмади... Муҳаббатнинг меваси, кутилаётган меҳмоннинг келишига ҳам кўп фурсат қолмади. Ёш келинчакнинг тўлғоғи оғир кечди. Қуёш уфқдан кўтарилаётган пайт хонани бола йиғиси тутди. Фарзандларига Раим деб исм қўйишди.
Раим ёшлигидан ўқитувчилик касбига меҳр қўйди. 1931 йили Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) туманидаги ўрта мактабнинг 7-синфини битириб, шу йили Тошкент шаҳридаги педагогика техникумига ўқишга киради. Ундан сўнг ўқишни Қарши педагогика техникумида давом эттиради. 1938 йил июль ойида техникумни тамомлагач, 1938 йил сентябрь ойидан 1939 йил октябрь ойигача Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. У таълим жамиятни қолоқликдан олиб чиқувчи куч, илмсизлик барча хунрезликларга пойдевор, деб биларди. Шунинг учун болаларга астойдил дарс берди.

1939 йил 15 октябрь куни армия сафига ҳарбий хизматга чақирилди. Ўшанда 22 ёшда эди. Беларуснинг алоҳида ҳарбий округида ҳарбий хизматни бошлади. 1940 йил намунали хизмат қилгани учун унга навбатдан ташқари таътил берилади. Аммо таътилда юрганида уруш хабарини эшитади.
Раим Бердиев Беларуснинг ғарбий қисмида жойлашган 225-сонли ҳарбий аэродромнинг таъминот батальонида алоқачи эди. Уруш бошланишига ҳеч қанча вақт ўтмасдан у илк бор уйига хат ёзди...
“Ассалому алайкум, қадрли оилам. Кўзингиз қорачиғи бўлган фарзандингиздан хавотирланманг. Армиямиз тез кунларда ғанимни ер тишлатади. Командиримиз ўтган куни “ота-онангга раҳмат, сен каби мард жангчини вояга етказгани учун”, деб саломини йўллади. Фашист қўшинлари биз ётган окопларгача етиб келди, шиддатли жанг бўлишига қарамасдан, уларни тор-мор қилдик. Волидам кўз ёшингизни артинг, довюрак кишиларнинг оналари ҳам довюрак бўлишади. Дийдоргача соғ бўлинглар...”
“Брянскни озод қилдик...”
Раим сафдошларидан кўра анча чапдаст эди. Шунинг учун жангларда энг қалтис вазиятларда сафдошлари унинг тажрибасига суянарди.Звено командири катта лейтенант Дунаевский, ўқчи-радист катта сержант Александр Кононов, ҳаво ўқчиси, моҳир мерган Остапенко Иванов ва қаҳрамонимиз таркибидаги ушбу жамоа ўта мураккаб ҳолатларда ҳам муваффақиятларга эришарди. Аммо урушда омад ҳар доим ҳам келавермайди. Ўлим ҳар сонияда таъқиб қилади.
1943 йилнинг сентябридан октябригача Брянскни озод қилишда иштирок этди.
1944 йилнинг октябрь ойи. Уруш шиддатли тус олди. Бу вақтда у Латвиянинг Митава туманидаги Цокос қишлоғида жойлашган иккинчи Болтиқ бўйи фронти ҳаво кучлари армияси таркибида хизмат қиларди. Унинг жамоаси жангларда энг фаоллар сафида бўлди. У ва унинг сафдошлари қанчадан-қанча мардлик, жасорат намуналарини кўрсатди ва командирлари тилига тушди. Бу вақтга келиб Раим Бердиев бир қанча орден ва медаллар билан тақдирланганди.

1945 йил 28 апрелдан 2 майгача Беларусь фронти таркибида Рейхстагни (Германия парламенти) ишғол қилиш ҳарбий операциясида иштирок этди. Ўша даврда Берлин 9 та мудофаа секторига ажратилган эди. Марказий сектор таркибига Германиянинг асосий бошқарув тизими, ҳукумат бинолари ҳатто рейхсканцелярия ва гестапо биноси кирарди. Ушбу сектор ҳарбий хизматчилар томонидан қўриқланарди. Марказий секторни ишғол қилиш жуда мушкул вазифа. Бироқ Беларусь фронти Марказий секторни ишғол қилишга муваффақ бўлди. Бу жангда Раим Бердиев энг масъулиятли вазифани бажарди. У оиласига берган ваъдасини бажариб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
Салом, Ватан!
1945 йилнинг октябрь ойида Раим Бердиев ўз уйига, Тошкентга қайтди. У хизмати даврида 20 дан ортиқ кўкрак нишонлари ва медаллар билан тақдирланган эди. Уруш тугаган бўлса-да, у етказган талафотлар ўрнини тўлдириш учун анча йиллар кетди. Қаҳрамонимиз урушдан кейинги йилларда ҳам меҳнат фронтида хизмат қилди.
1946 – 1947 йилларда Тошкентдаги қишлоқ хўжалигида инструктор бўлиб ишлади, сўнг 1947-1949 йилларда ЦК КПСС қошидаги Республика олий партия мактабида таҳсил олди.
1950-йилларда Тошкент вилояти Бекобод райкомида тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи, 1954 – 1966 йилларда Тошкент вилояти Оққўрғон райком партиясига раислик қилди.
1966 – 1979 йилларда Тошкент вилояти Оққўрғон совхози директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлади.

1979 йил 62 ёшида нафақага чиқди. Раим Бердиев Оққўрғон совхози равнақи учун 25 йилдан ортиқ хизмат қилди. Ушбу машаққатли фаолияти давомида фидокорона хизмати учун раҳбарият томонидан кўп маротаба рағбатлантирилди. “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Беш нафар фарзандни вояга етказиб, элга қўшган Раим ота 1990 йил 22 март куни 73 ёшида оламдан ўтди.
Бугунги кунда Раим Бердиевнинг неваралари ҳам осойишта кунларимиз соқчилари. Ҳа, мардлик, жасорат туйғулари шундай наслдан-наслга ўтиб келаверади.

“Ватанпарвар” газетаси мухбири
Айжамал Жолдасбаева
ЎзА учун махсус тайёрлади.