Сурхондарёлик дорифуруш Самарқандда ушланди
Аниқланган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи фуқаро К.Ж. Самарқанд шаҳри Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уй ҳовлисида ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланаётганда ушланди.
Бу фуқаро ижтимоий тармоқ орқали буюртма асосида етказиб берилган, чакана баҳоси 300 минг сўм бўлган «Клексан-4000» дори воситасини қиммат нархда ҳисоблаб, 1 қутисини 1 млн. 200 минг сўмдан, жами 27 қути дори воситасини 32 млн. 400 минг сўмга сотаётгани аниқланди.
Шунингдек, К.Ж.дан ноқонуний сотиш учун тайёрлаб қўйилган Соvid-19 касаллигига қарши курашишда фойдаланишга тавсия қилинган 99 қути, жами қиймати 40 млн. 600 минг сўмлик «Клексан-4000», «Клексан-2000» ва «Имудон» дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Аниқланган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
