Суперлиганинг 9-тури "Водий дербиси" билан бошланади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг тўққизинчи тури бугун, 9 май куни старт олади ва 11 майгача давом этади.
Тур доирасидаги илк учрашувлар "Андижон" – "Нефтчи" ҳамда "Динамо" – "Сурхон" жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Эртага, 10 май куни эса "Қўқон-1912" – ОКМК, "Пахтакор" – "Бухоро" ва "Насаф" – "Бунёдкор" баҳслари ўтказилади. 11 майда эса "Навбаҳор" – "Хоразм", "Машъал" – "Қизилқум" ҳамда "Сўғдиёна" – "Шўртан" жамоалари майдонга чиқади.
Шу ўринда, бугунги турнинг марказий баҳси сифатида "Бобур арена"да соат 18:00 да бошланадиган "Андижон" – "Нефтчи" учрашуви, яъни "Водий дербиси"га алоҳида тўхталиш лозим.
Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионати доирасида бунгача 51 марта майдонда тўқнаш келишган. "Нефтчи" 33 та, "Андижон" эса 10 та ўйинда зафар қучган. 8 учрашув дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати эса 97:45 ҳисобида "Нефтчи" фойдасига.
Ўтган йилги ўзаро баҳслар Фарғонада 2:2, Андижонда эса 0:0 ҳисобида якунланган эди. Қизиғи, "Андижон" ўз майдонида "Нефтчи"ни сўнгги бор 2016 йилда 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
Бугунги ўйинда "Андижон" жамоаси янги бош мураббий Максим Шатских қўл остида майдонга тушади. Аввал жамоани бошқарган Александр Хомяков кетма-кет омадсиз ўйинлардан сўнг 8-турдан кейин лавозимидан озод қилинган эди.
Қўшимча маълумот сифатида, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлигада апрель ойининг энг яхшилари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, "Пахтакор" ҳужумчиси Игор Сергеэв ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. "Насаф" жамоаси устози Рўзиқул Бердиев эса энг яхши мураббий номинациясига лойиқ деб топилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА