Суперлигада бугун фаворитлар тўқнашади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тур учрашувлари давом этмоқда. Бугун, 20 ноябрь куни ОКМК — «Қизилқум», «Локомотив» — «Пахтакор» ва «Навбаҳор» — «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги баҳслар футбол мухлислари эътиборида бўлади.
Турнинг эътиборли учрашувларидан бири Тошкент дербиси ҳисобланади. Унда «Локомотив» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилади. Чемпионатлар тарихида мазкур жамоалар 41 марта ўзаро майдонга тушган. Ушбу баҳсларнинг 25 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, 9 учрашув дуранг билан якунланган, 7 марта эса «Локомотив» устун келган. Тўплар нисбати ҳам «шерлар» фойдасига — 86:37.
Жамоалар ўртасидаги энг йирик натижа 2020 йилги мавсумда қайд этилган. Ўшанда «Пахтакор» 7:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2005 йилги учрашувда эса Анвар Солиев рақиб дарвозасига бешта тўп киритган. «Пахтакор»нинг сафардаги ўзаро баҳсларида ҳам устунлиги бор: 11 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият. Голлар нисбати — 45:22. Меҳмондаги энг йирик ғалаба 2005 йил 6:1 ҳисобида қайд этилган.

Наманганда эса 28-турнинг марказий учрашувларидан бири — водий дербиси бўлиб ўтади. Унда «Навбаҳор» ўз майдонида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасини қабул қилади. «Марказий» стадионида соат 18:30 да бошланадиган баҳс ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамият касб этади.
Миллий чемпионат тарихида водийнинг ушбу икки жамоаси шу кунга қадар 63 марта ўзаро куч синашган. Учрашувларнинг 28 тасида «Нефтчи», 15 тасида «Навбаҳор» ғалаба қозонган, 20 баҳсда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати — 89:63, фарғоналиклар фойдасига. Суперлиганинг биринчи даврасида Фарғонада ўтказилган баҳс эса 1:1 ҳисобида якунланган.
Бугунги учрашувларнинг аҳамияти турнир жадвалидаги вазият билан ҳам боғлиқ. Айни дамда «Нефтчи» 64 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» 59 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 55 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Шу боис Намангандаги дерби нафақат водий клублари ўртасидаги анъанавий рақобат, балки чемпионлик пойгаси нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тошкент дербисида эса «Пахтакор» пешқадам билан орадаги фарқни қисқартириш имконияти учун курашади.
Дарвоқе, куни кеча Суперлиганинг 28-турини бошлаб берган «Сурхон» — «Андижон» жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳисоб очилмади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА