Суперлигада 23-тур учрашувлари бугун якунланади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тур учрашувлари бугун, 11 октябрь куни ўз якунига етади.
Турнинг сўнгги беллашувлари Олмалиқ ва Жиззах шаҳарларида ўтказилади. Жумладан, Олмалиқда «ОКМК» ўз майдонида «Навбаҳор»ни қабул қилса, Жиззахда «Сўғдиёна» «Локомотив» билан баҳс олиб боради. Ҳар икки учрашув Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланиши белгиланган.
Куни кеча чемпионатнинг 23-тури доирасида «Қизилқум» ўз майдонида «Сурхон» жамоасини қабул қилди. «Ёшлар» спорт мажмуасида бўлиб ўтган учрашувда ҳар икки жамоа ҳам рақиб дарвозасини ишғол эта олмади ва баҳс 0:0 ҳисобида якунланди. Мазкур натижа жамоаларнинг турнир жадвалидаги ўрнига ҳам таъсир кўрсатди.
Ушбу дурангдан сўнг «Қизилқум» очколарини 30 тага етказиб, турнир жадвалининг ўнинчи поғонасидан жой олди. «Сурхон» эса мавсум давомида жамғарган 27 очкоси билан 12-ўринда бормоқда. Бугунги учрашувлардан кейин 23-тур баҳслари тўлиқ якунланади ва жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати янада ойдинлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА