Суперлига: “Нефтчи” пешқадам, “Пахтакор” уни таъқиб этмоқда
Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тури якунларига кўра, “Нефтчи” 42 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини мустаҳкамлаб олди. Фарғона клуби энг яқин таъқибчиси — “Пахтакор”дан 4 очко олдинда бормоқда. Тошкентликлар 38 очко билан иккинчи ўринда.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тури доирасидаги сўнгги учрашув Қаршидаги “Марказий“ стадионда “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасида ўтди. Учрашув 2:1 ҳисобида якунланди.
Баҳсда ҳисоб 15-дақиқада очилди. Алибек Давроновнинг ўз дарвозасига йўллаган тўпи меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим бошида “Насаф” вакили Шароф Муҳиддинов 48-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, 71-дақиқада Ойбек Бозоровнинг голи “Пахтакор”га ғалаба тақдим этди.
Шу тариқа, “Пахтакор” муҳим уч очкога эга бўлиб, чемпионлик пойгасидаги мавқеини мустаҳкамлади.
17-тур якунларига кўра, “Нефтчи” 42 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини мустаҳкамлаб олди. Фарғона клуби энг яқин таъқибчиси — “Пахтакор”дан 4 очко олдинда бормоқда. Тошкентликлар 38 очко билан иккинчи ўринда.
Шунингдек, “Навбаҳор” 31 очко билан кучли учликни якунлаган бўлса, “Бухоро” 30 очко билан унга яқин турибди. “Олмалиқ” 28 очко билан бешинчи ўринда. Жадвалнинг 6–10-ўринларидаги жамоалар ўртасидаги рақобат ҳам анча кескин. “Насаф” ва “Локомотив” 25 очкодан жамғарган. “Динамо” 22, “Андижон” ҳамда “Сўғдиёна” 21 очкодан олган.

“Хоразм” ва “Қизилқум” 11–12-поғоналарни эгаллаб турибди. “Бунёдкор” 19, “Сурхон” 18, “Қўқон-1912” 15 очко билан кейинги ўринларда. 17 турдан кейин энг оғир вазият “Машъал”да — жамоа ҳисобида бор-йўғи 4 очко бор. Айни пайтда юқори ўринлар учун курашда ҳам, жадвалнинг қуйи қисмида ҳам очколар фарқи катта эмас.
Миллий чемпионатимиз тўпурарлари пойгасида “Сўғдиёна” ҳужумчиси Люпчо Дориев 12 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Унга энг яқин турган уч нафар футболчи — “Динамо” вакили Анваржон Ҳожимирзаев, “Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда “Нефтчи” футболчиси Стипе Перица ҳисобида 9 тадан гол бор. “Пахтакор” ҳужумчиси Стефен Чинеду эса 8 та гол билан тўпурарлар рўйхатида бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон Суперлигасида 18-тур учрашувлари 18–21 август кунлари ўтказилади.
Тур доирасида 18 август куни “Сўғдиёна” ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилади. Шу куни “Бухоро” — “Нефтчи” учрашуви ҳам бўлиб ўтади. 19 август куни “ОКМК” — “Динамо” ҳамда “Машъал” — “Андижон” баҳслари ўтказилади. 20 август куни “Бунёдкор” — “Қўқон-1912” ва “Хоразм” — “Локомотив” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Турнинг марказий учрашувларидан бири 21 август куни Наманганда ўтказилади. Унда “Навбаҳор” “Насаф”ни қабул қилади. Шу куни “Пахтакор” — “Сурхон” учрашуви ҳам бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА