Суперлига: “Насаф” ғалабани кўзламоқда
Бугун, 18 октябрь куни миллий чемпионатимиз қайта старт олади. Унда “Насаф” клуби Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионида “Сурхон” жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув маҳаллий вақт билан соат 18:00 да бошланади. Баҳсни Рустам Лутфуллин бош ҳакам сифатида бошқариб борса, унга қанотларда Руслан Серазитдинов ва Бахтиёрхўжа Шавкатов ёрдам беради.
Мазкур учрашув олдидан ҳар иккала жамоанинг ўзаро ўйинларида қайд этилган натижалар билан таништириб ўтамиз.
“Насаф” ва “Сурхон” қарама-қаршилиги 1997 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу жамоалар бугунга қадар миллий чемпионатда 27 маротаба ўзаро тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 22 тасида “Насаф” ғалаба қозонган бўлса, 4 ўйин дуранг билан якунланган.

“Сурхон” эса бор-йўғи битта ўйинда зафар қучган ва ушбу ғалабага 25 йил бўлди. Тўплар нисбати эса 70/20 - “Насаф” фойдасига. Жамоалар сўнгги бор Суперлиганинг биринчи даврасида май ойида рақобатлашган бўлиб, унда 1:0 ҳисоби қайд этилган.
Айни вақтда “Насаф” 45 очко билан Суперлига жадвалида карвонбошилик қилмоқда. “Сурхон” эса 25 очко жамғариб, 8-поғонада бормоқда.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Суперлигасининг 21-тури 21 октябрь кунига қадар давом этади. Унда “Локомотив” – “Бунёдкор”, “Металлург” – “Андижон”, “Нефтчи” – “Навбаҳор”, “Олимпик” – “Қизилқум”, “Сўғдиёна“ –“ОКМК” баҳслари бўлиб ўтади.

Дарвоқе, мазкур турнинг илк ўйини 6 октябрь куни ўтказилган бўлиб, унда “Пахтакор” – “Динамо” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. “Жар” стадионида ўтказилган учрашувда “Пахтакор” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА