Суперлига: "Бунёдкор" ниҳоят ғалаба қозонди
Футбол бўйича мамлакатимиз Суперлигасининг 8-тури ҳам ўтган турлар каби кутилмаган натижалар қайд этилгани билан мухлислар эътиборини тортди. Бу турда ниҳоят турнир пешқадамлари ҳам ажрала бошлади. Шунингдек, ғалаба қозониши кутилган жамоаларнинг керакли натижаларга эриша олмаётгани бу мавсум рақобат қизғин бўлишидан далолат.
Мазкур турнинг сўнгги учрашуви Тошкентнинг икки клуби «Бунёдкор» ва «Локомотив» ўртасида бўлиб ўтди. Унда «Бунёдкор» 3:2 ҳисобида узоқ кутилган ғалабага эришди. Аниқроғи, «қалдирғочлар» мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди.

Шу тариқа, Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз ниҳоясига етди. «Андижон» очко йўқотган бўлса, «Навбаҳор» ва «Насаф» ғалаба эвазига бир хил очко тўплаган ҳолда пешқадам бўлиб олди.
Жумладан, 8-тур учрашувлари якунига кўра, «Навбаҳор», «Насаф» жамоалари бир хил – 15 очко тўплаган ҳолда жадвални бошқармоқда. «ОКМК» эса 14 очко билан учинчи ўринга кўтарилди. «Андижон» 13 очко жамғариб, 4-поғонада қолди. Бироқ «Навбаҳор», «Насаф» энг яқин таъқибчиларидан битта ўйин кам ўтказган ҳолда мазкур натижани қайд этаётир. Шунингдек, «Пахтакор» «Нефтчи» ва «Сўғдиёна» клублари 11 очко жамғариб, 5, 6 ҳамда 7-ўриндан жой олган.
«Қизилқум» 9, «Локомотив» ва «Сурхон» ҳам бир хил – 8 очко жамғарган ҳолда кучли ўнликка жойлашди. «Олимпик» жамоаси 7 очко билан 11-ўринда бораётган бўлса, қуйи поғоналарда «Динамо», «Бунёдкор» 6, «Металлург» эса 4 очко билан жойлашган.
Ушбу турдан ўрин олган «Навбаҳор» — «Нефтчи» (1:0) баҳсини томоша қилиш учун «Марказий» стадионига 22 минг 350 нафар мухлис ташриф буюрди ва 2024 йилги мавсумда энг кўп томошабин келган ўйин сифатида Суперлиганинг рекордлар тарихига кирди. Шунингдек, бу турда «Андижон» — «Металлург» ўйинини кўриш учун «Бобур Арена»га 19 минг 95 нафар мухлис келган бўлса, «Қизилқум» — «Олимпик» ўйинига бор йўғи 425 нафар мухлис стадионда жам бўлди.

Ҳозирда Суперлига баҳсларида Тома Табатадзе — 7 та гол урган ҳолда тўпурарлар жадвалини бошқариб бораётган бўлса, Лупше Дориев ва Зоран Марушич 5 тадан гол билан уни таъқиб этиб турибди.
«Андижон» жамоаси аъзоси Бектемир Абдуманнонов ўтган 8 турда жами 4 маротаба ассист қилди ва ҳозирда ушбу йўналиш бўйича чемпионатда унга тенг келадиган футболчи топилмаяпти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлигасининг 9-тури 24-27 май кунлари ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА