Сунъий интеллект ва амалий фанлар: халқаро анжуман
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илм-фан, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишга эришиш устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, сунъий интеллект технологияларини ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кенг жорий этиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас заруратидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: "Биз янги Ўзбекистонни илм-фан ва инновациялар асосида барпо этамиз. Бугунги кунда дунёда ким илмга интилса, ким янги технологияларни эгалласа, ўша давлат албатта ғалаба қозонади".

Айнан шу мақсад йўлида Тошкент амалий фанлар университетида "Амалий фанлар соҳасида сунъий интеллектни қўллашнинг замонавий тенденциялари, муаммолари ва истиқболлари" мавзусидаги нуфузли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши, уларнинг таълим, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини чуқур таҳлил қилиш учун муҳим халқаро майдон вазифасини ўтади.
Тадбирнинг очилиш маросимида соҳа мутахассислари бугунги жараёнлар биздан нафақат замонавий ёндашувларни, балки тизимли илмий таҳлил ва инновацион фикрлашни талаб этаётганини алоҳида эътироф этдилар. Конференция ишида Қарши давлат техника университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Шерзод Нематов, Ижтимоий сиёсий фанлар университети ректори, профессор Қудрат Бобохўжаев ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги вакили, профессор Ғанишер Рахимов каби етакчи олимлар иштирок этиб, ўз маърузалари билан мавзунинг долзарблигини очиб берди.

Анжуманнинг халқаро мақоми хорижлик олимларнинг иштирокида ҳам яққол намоён бўлди. Хусусан, Ҳиндистоннинг нуфузли Alliance университети тадқиқотчиси, доктор Муҳаммад Фарҳаннинг СИ технологияларининг глобал миқёсдаги қўлланилиши борасидаги чиқиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу каби мулоқотлар илмий ғоялар интеграцияси ва янги истиқболли йўналишларнинг шаклланишига хизмат қилиши таъкидланди.
Конференция иши тўртта асосий шўъбага бўлинган ҳолда давом этди. Унда сунъий интеллектнинг фундаментал фанлардаги назарий асосларидан тортиб, техник-амалий инновациялар, рақамли технологиялар, гуманитар соҳаларда таълим ва тил ўрганишдаги аҳамияти, шунингдек, иқтисодий бошқарувдаги ўрни атрофлича кўриб чиқилди. Шўъба йиғилишларида иштирокчилар СИни амалий фанларга татбиқ этишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашди.

Мазкур анжуманда илгари сурилган илмий ғоялар ва амалий таклифлар юртимизда сунъий интеллект экотизимини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект — бу шунчаки замонавий атамалар эмас, балки келажакдаги тараққиётимизнинг асосий бўғинидир. Тошкент амалий фанлар университетида ўтказилган ушбу конференция нафақат халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки миллий илм-фанимизнинг жаҳон андозалари даражасида ривожланишига ва юртимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Анжуман якунида қабул қилинган тавсиялар келгусида давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда рақамли трансформация жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Баҳодир Тўраев,
Тошкент амалий фанлар университети Ахборот технологиялари
факультети декани, техника фанлари доктори