Сунъий интеллект гидрометрия хизматида
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида гидрометрия хизматига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва самарали бошқаришда замонавий рақамли ечимларни қўллашнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Семинар давомида гидрометрия тушунчасига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, гидрометрия — канал, ариқ ва бошқа сув иншоотларида сув сарфи, сатҳи ҳамда оқим тезлигини ўлчаш орқали сув ресурсларини аниқ ҳисобга олишни таъминлайдиган муҳим хизмат ҳисобланади. Бу жараёнда ўлчов аниқлигини таъминлаш сув тақсимотида адолат ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Мутахассислар сунъий интеллект технологияларининг гидрометрия тизимларига жорий этилиши сув сарфини реал вақт режимида мониторинг қилиш, маълумотларни автоматик таҳлил этиш ва прогноз қилиш имконини беришига эътибор қаратдилар. Жумладан, рақамли датчиклардан олинаётган маълумотлар сунъий интеллект алгоритмлари орқали қайта ишланиб, сув йўқотишлари, техник носозликлар ёки меъёрдан четга чиқиш ҳолатларини тезкор аниқлаш имкони яратилади.
Шунингдек, семинарда гидрометрия қурилмаларининг ишлаш принципи, уларни мониторинг тизимларига интеграция қилиш, техник хизмат кўрсатиш босқичлари ҳамда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш усуллари бўйича амалий тушунчалар берилди. Бу эса соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг рақамли кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, гидрометрия хизматида сунъий интеллектдан фойдаланиш сув ресурслари ҳисоботини тўғри юритиш, инсон омили таъсирини камайтириш ҳамда сув хўжалиги тизимининг барқарор фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири