Сунъий интеллект даврида таълим ва касблар ўзгарадими?
Сунъий интеллект ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига кириб келар экан, таълим ва меҳнат бозорида ҳам янги имкониятлар билан бирга қатор саволларни юзага чиқармоқда. Энди ёшларни келажак касбларига қандай тайёрлаш керак? Қайси кўникмаларга талаб ортади? Таълим тизими сунъий интеллект даврига қай даражада тайёр?
«ICTWEEK UZBEKISTAN 2026» АКТ ҳафталиги доирасида ўтказилган «Сунъий интеллектнинг таълим ва бандликка таҳдидлари» форумида ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда ёшлар АКТ соҳасининг тажрибали мутахассислари билан мулоқот қилди, савол-жавобларда иштирок этди. Мутахассислар сунъий интеллектнинг таълим жараёни ва меҳнат бозорига таъсири, янги касблар ва замонавий кўникмалар ҳақида фикр алмашди.

Тадбирнинг биринчи қисмида халқаро ва маҳаллий технология компаниялари вакиллари сунъий интеллектнинг амалий имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказди. «Coursera» вакили Ларисса Уиткрофт Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг платформадаги таълим натижалари ҳақида маълумот берди. «iFLYTEK» вакили Жейсон Чжан эса турли тилларда ишлай оладиган сунъий интеллект ечимларини таништирди.

Форум доирасида Ўзбекистондаги 12 та университетда «AWS Academy» дастури ҳам расман ишга туширилди. Бу дастур талабаларга замонавий булутли технологиялар бўйича билим ва амалий кўникмаларни эгаллаш имконини беради.
Тадбирда ёшларни замонавий касбларга тайёрлашга қаратилган «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасига мамлакатнинг барча ҳудудларида старт берилгани ҳам маълум қилинди.
«AI-Native Generation» панелида эса сунъий интеллект даврида шаклланаётган янги авлод, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқлик масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ташкилотлар, технология компаниялари, таълим платформалари ва соҳа мутахассислари ёшларни янги касбларга тайёрлаш, сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва технологияларнинг меҳнат бозорига таъсири ҳақида фикр алмашди.
Бугун Ўзбекистонда сунъий интеллект ва рақамли таълим йўналишида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида aileaders.uz платформаси ишга туширилиб, унда «Coursera», «Oracle», «Alison», «Huawei» каби халқаро ташкилотларнинг 100 дан ортиқ курси бепул тақдим этилмоқда. 2026 йилда лойиҳа доирасида 1,8 миллион нафар ёш ва давлат хизматчиси ўқитилди.
Демак, сунъий интеллект даврида асосий масала фақат технологияни жорий этиш эмас. Энг муҳими — инсонларни янги шароитда ишлашга, янги касбларни эгаллашга ва ўз билимларини мунтазам янгилаб боришга тайёрлаш. Форумда билдирилган фикрлар ҳам таълим тизими ва меҳнат бозорида шу йўналишдаги ўзгаришлар тобора муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА