Суғориш тизими барқарор энергия билан таъминланади
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, айниқса суғориш тизимларининг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар сув таъминоти тизимларининг ишончлилигини ошириш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш ҳамда ҳосилдорликни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.


Шу мақсадда Ҳудудий электр тармоқлари АЖ Сирдарё ҳудудий филиали ҳамда “Сирдарё Жингу” МЧЖ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, суғориш тизимларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида жами 17 километр электр узатиш тармоқларини тортиш, 377 та темир-бетон устун ўрнатиш ҳамда 10 та трансформатор пунктини барпо этиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунга қадар 164 та темир-бетон устун ҳудудга етказиб берилган бўлиб, уларнинг 125 таси ўрнатиб бўлинди. Шунингдек, 6 та махсус техника, 5 та қурилиш-монтаж бригадаси ҳамда 65 нафар муҳандис ва техник ходимлар жалб этилган ҳолда ишлар белгиланган график асосида давом эттирилмоқда.

– Мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги соҳасида инфратузилмани модернизация қилиш, суғориш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аграр секторда иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилибгина қолмай, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун ишончли энергия таъминотини яратиш, мавжуд техник йўқотишларни камайтириш ва ҳосилдорликни янада юксалтиришга ҳам замин яратади, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА