Суд мутасаддилари адвокатлар билан учрашди
Сурхондарё вилоят судида вилоят маъмурий суди раиси Раҳматилла Ғуломов, вилоят суди раиси ўринбосарлари Одил Нормаҳматов, Баҳодир Жумаев ва Жамшид Ҳомидовлар Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Аҳмад Қаюмов иштирокида воҳадаги адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 88-мақсадида адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган.


Очиқ мулоқотда ҳам мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар малакали ва билимли адвокатлар сафини сезиларли даражада кенгайтириб, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқини муносиб таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.


Бу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилаётгани аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириб, суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.


Учрашувда суд жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни ишончли ҳамда малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Мавжуд муаммоларнинг ечимлари, одил судловга эришишда адвокатларнинг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этиш каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилди. Адвокатларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Судлар ва адвокатура институти вакилларининг очиқ мулоқотини тегишли тартибда ўтказиб туришга келишилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири