Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга оид янги рисола
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “2017-2021: Суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самараси” рисоласи чоп этилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш ҳамда унинг фаолиятини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Янги рисолада Ҳаракатлар стратегияси доирасида соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари ҳақида сўз юритилган. Тўплам қуруқ маърузалардан ҳоли, натижалар аниқ рақам, факт ва таққослар орқали геометрик ва график дизайн шаклида ўқувчига ҳавола этилган. Бу эса амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Рисола АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликнинг навбатдаги маҳсули бўлиб, бепул тарқатилади.
Тўплам кенг оммага мўлжалланган бўлиб, унинг электрон нусхаси билан Судьялар олий кенгаши веб-сайтида танишиш мумкин.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.