Суд-ҳуқуқ соҳасида конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари тез суръатларда кенгайиб бормоқда.
Кўп асрлик дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик ришталарини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш долзарб масала бўлиб, улар сирасида суд ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш алоҳида ўрин тутади.
Бу фикрлар Олий суд раисининг ўринбосари Ш.Полванов ва Туркия Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари С.Аййилдиз учрашувида қайд этилди.

Ўзаро мулоқотда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш ҳамда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Туркия делегацияси аъзолари сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган «Рақамли суд» концепцияси доирасида ишлаб чиқилган ахборот тизимлари ва сунъий интеллект модуллари билан яқиндан танишди.

Томонлар суд-ҳуқуқ соҳасида конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик кенгайтирилишининг тарафдори эканликларини билдириб, ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Меҳмонлар Олий суд музейида бўлиб, Ўзбекистон суд тарихига оид ноёб экспонатлар билан ҳам танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА