Суғурта хизмати такомиллашмоқда
“Ўзбекинвест” миллий экспорт-импорт суғурта компаниясида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекинвест” миллий экспорт-импорт суғурта компаниясида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Тадбирда Давлат дастурида кўзда тутилган муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2014 йилда компания томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан, қишлоқ жойларда янги бўлимлар очилиб, суғурта полисларини сотиш пунктлари ташкил этилгани таъкидланди.
Жорий йилда 25 бўлим, 25 шохобча фаолияти йўлга қўйилиб, ҳудудларда агентлик тармоғи кенгайтирилгани бунинг далилидир. Ўтган даврда 12 миллиард сўмдан зиёд суғурта маблағи тўлаб берилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 100 дан ортиқ суғурта хизмати кўрсатаётган компанияда суғурта мукофоти ҳажми ўсиши 2013 йилга нисбатан 135 фоизни, суғурта мажбуриятини қабул қилиш 190 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш ва ривожланиш суръатларини жадаллаштириш мақсадида мажбурий суғурта механизми кенг қўлланилмоқда. Ушбу компания бир неча йилдан буён транспорт воситалари эгалари ва иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича полисларни сотмоқда. Жорий йилда ҳар йилгидан кўпроқ шартномалар имзоланди. Жумладан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш мақсадида 73,1 мингта, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 3 мингдан ортиқ шартнома тузилди.
Анжуманда суғурта хизматларидан фойдаланиш ва бундай хизматларни тезкор амалга оширишни таъминлашни янада яхшилаш бўйича вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Компания шу мақсадда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, интернет-суғуртани ва “SMS-тo`lov” электрон тўлов тизими ёрдамида полисларни компания веб-сайти орқали сотишни режалаштирмоқда.
Кейинги йилларда мулкчилик шаклидан қатъи назар, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларини табиий, техноген, молиявий-иқтисодий ва бошқа хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишда суғурта хизматидан фойдаланиш даражаси ортмоқда.
– Марказимиз аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматлар тури ва кўламини кенгайтиришга кўмаклашмоқда, – дейди компания суғурта маркази директори Шуҳрат Аминжонов. – Йил давомида “Меҳрибон ота-оналар”, “Она ва бола”, “Соғлом бола” каби суғурта турлари аҳоли учун арзон нархларда амалга оширилди. Кичик бизнес вакиллари билан 6500 ортиқ шартнома имзоланиб, қиймати 627,4 миллиард сўмлик суғурта мажбуриятлари қабул қилинди.
Тадбирда суғурта бозоридаги янгиликлар, суғурта тўловларини амалга ошириш тартиби ва шартлари, халқаро компаниялар билан ҳамкорлик, хорижий инвестициялар суғуртаси ҳақидаги саволларга жавоб қайтарилди.