Суғурта бозорининг фаол иштирокчиси
Миллий матбуот марказида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан мустақиллик йилларида мамлакатимизда суғурта соҳасининг ривожланиши ва эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан мустақиллик йилларида мамлакатимизда суғурта соҳасининг ривожланиши ва эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Президентимиз раҳнамолигида бозор иқтисодиётини босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар халқаро амалиётга жавоб берувчи суғурта тизими асослари шаклланишини таъминлади.
Ўзбекистон суғурта бозорида фаолият кўрсатаётган 29 суғурта ташкилоти томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 110 турдан ортиқ суғурта хизматлари кўрсатилаётир.
Мамлакатимиз суғурта бозорининг фаол иштирокчиларидан бири бўлган «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси хизматлар сифатини ошириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида халқаро ва миллий суғурта бозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб келмоқда.
Сўнгги ўн йилда компания томонидан йиғилган суғурта мукофотлари 12,1 марта, қабул қилинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 19,3 марта, тўлаб берилган суғурта қопламалари 7,1 мартага ўсган.
Компания яқинда “Moody’s Investors Service Ltd.” халқаро рейтинг агентлигининг мамлакатимиз молия бозоридаги энг юқори халқаро рейтингига эга бўлди. Агентлик «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг халқаро молиявий барқарорлик рейтингини «барқарор» прогнози билан B1 дан Ba3 га кўтарди.
– Янги суғурта бўлинмаларини очиш ва ҳудудларда фаолият географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратганмиз, – дейди компания қайта суғурталаш ва қалтисликларни бошқариш департаменти бош менежери А.Асатуллаев. – Айни пайтда 14 ҳудудий филиал ва 145 бўлинма аҳолига кенг турдаги суғурта хизматларини таклиф этмоқда. Шу билан бирга «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш», «Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Тиббий суғурта», «Мол-мулк суғуртаси» каби 10 турдаги суғурта маҳсулотини интернет орқали ҳам сотиб олиш мумкин.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини турли қалтисликлардан ҳимоя қилишга қаратилган комплекс суғурта ҳимоясини тақдим этиш бўйича компанияда ўзига хос тажриба тўпланган. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига охирги беш йилда тақдим этилган суғурта ҳимояси ҳажми уч баробар, йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 4,3 баробарга ошган.
Анжуманда компания мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб қайтарди.