Стол тенниси усталари Чустда беллашди
Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2001-2003 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.
Республика Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан ташкиллаштирилган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Хоразм, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан келган 105 нафар ўғил-қиз иштирок этди.
Мусобақанинг ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги Олимпия тизими бўйича яккалик, жуфтлик ҳамда аралаш жуфтлик баҳсларида маҳорат кўрсатган спортчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Умумжамоа ҳисобида ўсмирлар ўртасида Фарғона вилояти спортчилари ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси, учинчи поғона Жиззах ҳамда Наманган вилоятлари вакилларига насиб қилди.
Қизлар ўртасида ҳам фарғоналик теннис маликлари кучли эканлигини намоён этди. Тошкент шаҳри жамоасининг кўрсаткичлари иккинчи ўринга муносиб кўрилган бўлса, кучли учликка Жиззах вилояти ва қорақалпоғистонликлар лойиқ, деб топилди.
Ғолиб ва совриндор спортчилар, жамоаларга диплом, медаллар, қимматбаҳо совғалар берилди.
[gallery-5807]
Оқилхон Дадабоев, ЎзА