Стармердан кейин Британияни нима кутмоқда? (+видео)
Британия бош вазири лавозимини тарк этаётган Кир Стармер Украинага кучли ёрдам берган ва Лондоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилган сиёсатчи сифатида танилди. Энди унинг ўрнига келадиган раҳбар қандай сиёсат юритиши кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда, дейилади DW хабарида
Стармер Британия ичида унчалик машҳур бўлмаган бўлса-да, Европа етакчилари орасида катта ҳурматга эга эди. Масалан, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен унинг фаолияти туфайли Европа ва Украина хавфсизлиги мустаҳкамланганини таъкидлади. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Стармерга Украина масаласидаги ҳамкорлик ва Европа-Британия муносабатларини жонлантиришдаги ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Стармер Украина тарафдорлари сафидаги энг фаол сиёсатчилардан бири бўлиб, Макрон билан бирга бу йўналишда норасмий иттифоққа етакчилик ҳам қилди. Бу коалиция Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва келажакда унинг мудофаа қобилиятини кучайтиришни мақсад қилган.
Дарвоқе, Лондон Германия ва Франция билан биргаликда ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Евроучлик” форматида ҳам фаол иштирок этмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, АҚШнинг Европа хавфсизлигидаги роли тобора камайиб бораётган бир пайтда бу формат янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Стармернинг ўрнига ким келиши Британиянинг кейинги ташқи сиёсати учун ҳал қилувчи омил бўлади. Ҳозирча эҳтимолий номзод сифатида Манчестернинг собиқ мэри Энди Бернем тилга олинмоқда.
Бернем ҳам Европа билан яқин муносабатлар тарафдори сифатида танилган. Кузатувчиларнинг фикрича, у Украина ва Европа Иттифоқига нисбатан Стармер бошлаган сиёсатни давом эттириши мумкин. Бироқ унинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасида қандай йўл тутиши ҳозирча аниқ эмас. Чунки у шу пайтгача асосан ички сиёсат билан шуғулланган.
Таҳлилчилар Стармер ҳукумати эришган муҳим ютуқлардан бири сифатида Европа Иттифоқи билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик келишувини кўрсатмоқда.
Кузатувчиларнинг фикрича, янги бош вазир олдида турган асосий вазифалардан бири Европа Иттифоқи билан муносабатларни янада ривожлантириш бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JNK-n62LL_0" title="Starmerdan keyin Britaniyani nima kutmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА