Спортда допингга қарши курашда масъулият ва назорат муҳим аҳамиятга эга
Пойтахтимиз спорт мажмуаларида давом этаётган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари доирасида спорт таълим муассасалари раҳбарлари, мураббийлар ва спорт шифокорлари иштирокида допингга қарши курашиш соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги, Спорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтган семинарда антидопинг қоидаларига киритилган сўнгги янгиланишлар, антидопинг қоидабузарлик турлари, терапевтик истиснони қўллаш тартиби ҳамда спортда тақиқланган моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритилди.

Муҳокамалар жараёнида айрим ҳолларда спортчилар тақиқланган моддаларни билмаган ҳолда истеъмол қилиши мумкинлиги, бундай ҳолатларнинг олдини олишда нафақат спортчиларнинг, балки мураббийлар ва шифокорларнинг ҳам масъулияти муҳим аҳамиятга эгалиги айтиб ўтилди.

Спортчилар қабул қилаётган дори воситаларини назорат қилиш, уларнинг таркибини текшириш ва зарур ҳолларда мутахассислар билан маслаҳатлашиш профилактиканинг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА