Спорт таълимидаги устозларга эҳтиром кўрсатилди
Мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ана шундай байрам тадбирларидан бири Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бўлиб ўтди.
Халқимиз орасида “Устозни улуғлаганни эл ардоқлайди”, “Устоз отангдек улуғ”, деган пурмаъно гаплар, турфа ҳикматлар бор.

Бугун халқаро спорт майдонларида юқори натижаларга эришиб, ватанимиз спорт шуҳратини улуғлаб келаётган юзлаб спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари айнан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида таҳсил олганини, малака оширганини, чуқур билим ва тафаккурга эга бўлганини инобатга олсак, мазкур таълим даргоҳи чин маънода Ўзбекистон спортининг табаррук даргоҳидир.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, университет ректори Рашид Маткаримов устозлик мақоми, шогирдларга муносиб бўлиш, уларни янги ғалабалар сари илҳомлантириш, шижоат бағишлаш, Ватанни ҳимоя қилиш, унинг равнақига камарбаста бўлишдек шарафли вазифа эканини таъкидлади.

Байрамона кечган тадбирда шеърлар, ашъорлар янгради, устоз-мураббийлар касб байрами билан самимий муборакбод этилди. Куй-қўшиқлар, миллий санъатимизнинг нодир дурдоналари устозларга армуғон этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги 2-сонли академик лицейининг “Бургутлар” жамоаси томонидан амалий қўл жанги бўйича кўргазмали чиқиш намойиш қилинди.

Тадбир жараёнида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бир гуруҳ устозларига, мутахассисларига мукофотлар топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА