Спорт синовлари ғолиблари муносиб тақдирланди
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оммавий спортни янада ривожлантириш ҳамда уларни мунтазам жисмоний фаолликка жалб этиш мақсадида ўтказилган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида юқори натижа қайд этган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда спорт синовларининг мажбурий ва ихтиёрий нормативларини муваффақиятли бажарган талабалар муносиб эътироф этилди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан таъсис этилган I, II ва III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари, тегишли гувоҳномалар ҳамда спорт кийимлари тантанали равишда топширилди.

— “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ёшларнинг жисмоний салоҳиятини баҳолаш, ирода, матонат ва чидамлилик каби муҳим фазилатларни шакллантириш, энг муҳими, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундай эътироф талабаларни янада юқори спорт натижаларига интилишга, мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга ва ўз устида изчил ишлашга ундайди, — деди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев.

Тақдирлаш маросимида филиал раҳбарияти ва масъуллар спортда фаол иштирок этаётган ёшларни қутлаб, мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бераётганини таъкидладилар. Шунингдек, филиалда спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва оммавий спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиш ишлари изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Мазкур тақдирлаш маросими нафақат ғолиб талабалар учун қувончли ва унутилмас воқеага айланди, балки барча талаба-ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини танлаш ҳамда юксак марралар сари интилишга чорловчи муҳим тарғибот тадбири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири