Спорт мени ҳаётга қайтарди
Инсон дунёга келган кунидан бошлаб унга тасодифий ҳолатлар нималардан иборат бўлишини билмайди. Бу ҳаётнинг ёзилмаган қонунидир. Шу сабаб инсон ҳар қандай вазиятга тайёр туришга ўзида куч ва иродани шакллантириб бормоғи лозим.
Бухоро вилояти Вобкент тумани Ғарибшоҳ маҳалласида яшовчи Бунёд Сафаров тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келарди. 2022 йили бахтсиз ҳодиса сабаб бир оёғидан айрилди. 26 ёшида ногирон бўлишга қарамай ўзида яшашга иштиёқ, ҳаётга севинч билан боқишга куч топа олди ва спортнинг паралифтинг тури билан шуғуллана бошлади.
Бу спорт турида сон протезининг ўрни жуда муҳимдир. Шу сабабдан, унинг яроқсиз ҳолга келиб қолган протези туман “Инсон” маркази томонидан замонавийсига алмаштириб берилди. Эндиликда спортчининг ҳаракатланиши, машғулотлар ва мусобақаларга қатнаши янада осонлашди.

Оилали, бир нафар фарзанднинг отаси нафақат спорт билан, балки ҳайдовчилик ва чорва моллари тадбиркорлиги билан ҳам шуғулланиб келади. У ўз меҳнати ва ҳаётга бўлган ишончи билан бошқаларга ўрнак бўлишга арзийди.
– Давлатимизга раҳмат, биз ногиронлар учун жуда чиройли тизим яратиб берган, – дейди Бунёд Сафаров. – Ҳар бир муаммони ечишда ижтимоий ходим бизга кўмакчи. Доимо бизнинг ҳолимиздан хабар олиб туради. Бундан жуда ҳам хурсандман. Спорт билан шуғулланишим ҳаёт синовини енгишга кўмак бермоқда.

Ғарибшоҳ маҳалласида 3442 нафар аҳоли истиқомат қилиб келаётган бўлиб, уларнинг 40 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Маҳалла ижтимоий ходими Севдиёр Ходжамов ташаббуси билан 10 нафарга яқин маҳалла аҳолиси адаптив спорт турларига жалб қилинган. Жорий йилда бу рақамлар янада ошиши шубҳасиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири