Спорт майдончалари ёшлар ихтиёрига берилди
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ширин шаҳридаги 4 та маҳаллада замонавий спорт майдончалари фойдаланишга топширилди. “Универсал” ва “Street Workout” турдаги ушбу иншоотлар ёшлар учун муносиб туҳфа сифатида қад ростлади.
Бунёдкор, Мирзо Улуғбек ва Ватанпарвар маҳаллаларида “Универсал” спорт майдонлари, Фарҳод маҳалласида эса “Street Workout” майдончаси барпо этилди. Ушбу иншоотлар Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан, маҳаллий ёшларнинг республика миқёсида эришган спорт ютуқларига муносиб туҳфа сифатида қуриб берилди. Лойиҳа учун Спорт вазирлиги томонидан 1,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Маълумки, Ширинлик ёшлар жорий йилда ўтказилган “Беш ташаббус олимпиядаси”нинг Республика босқичида 4 та олтин ва 2 та кумуш медалга эришган эди. Янги майдонлар айнан ғолиб ва совриндор ёшлар яшайдиган маҳаллаларда барпо этилгани уларнинг ютуқлари муносиб эътироф этилаётганидан далолат беради.
Тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилоятининг Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов, Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари Фаррух Алимов, шаҳар спорт мактаби мутахассислари, маҳалла фаоллари, ёшлар, нуронийлар ва спортчилар иштирок этди.
[gallery-24061]
– Ёшларимиз учун бундай шароитлар яратилаётгани қалбимизни фахр ва шукроналик туйғуларига тўлдиради. Куни кеча фойдаланишга топширилган ушбу майдонларни кўриб, ватан келажаги ишончли қўлларда эканини яна бир бор ҳис қилдик, – дейди меҳнат фахрийси, маҳалла фаоли Йўлчивой Минназаров. – Бу иншоотлар нафақат ёшларнинг спорт билан шуғулланишига, балки уларнинг тарбияси, соғлом тафаккур ва юксак маънавиятли бўлиб етишишига хизмат қилади.
Мазкур спорт майдонлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, маҳалладошлар ўртасида жипслик ва фаол ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу шароитлар келгусида янги чемпионларни етиштириб чиқаришга ҳам мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари