Спорт инвентарлари ғалабалар асосидир
Мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдонларда юксак марраларга эришишида уларга яратиб берилаётган шарт-шароит, яъни моддий- техник база ҳам муҳим ўрин тутади.
Наманган вилоят спорт бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳар ва туманларда спорт объектлари инфратузилмасини яхшилаш ҳамда зарур инвентарлар билан жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Бугунги кунда Наманган вилоятида 22 та спорт таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 16 таси спорт мактаби, тўрттаси ихтисослаштирилган спорт мактабидир. Шунингдек, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб- интернати ҳам фаолият юритиб келмоқда. Қолаверса, Олимпия, миллий ва ноолимпия спорт турлари бўйича 56 та федерация ва ассоциация фаолият кўрсатмоқда.

– Вилоятимиздаги мавжуд 3 минг 531 та спорт иншоотида инфратузилма ва моддий таъминотни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Наманган вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев. – Умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, спорт таълими муассасалари ҳамда профессионал таълим масканларида ўтган 2023 йил давомида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида жами 9 миллиард 489 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу маблағларнинг 7 миллиард 289 миллион сўми қайта қуриш ва реконструкция ишларига сарфланган бўлса, 2 миллиард 200 миллион сўми спорт инвентарларини сотиб олишга сарфланди.
Республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан Поп туманидаги 2- спорт мактабининг Чодак филиали учун 18х42 метр ҳажмдаги спорт зал, сунъий қопламали футбол майдони қуриш учун 4 миллиард 800 миллион сўм ажратилди. Кўплаб чемпионларни етиштириб келаётган Наманган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига 400 ўринли тураржой биносини барпо этиш учун 11 миллиард сўм маблағ сарфланиб, фойдаланишга топширилди.

Ўтган йили Спорт вазирлигининг спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларига спорт анжомлари ва ускуналарини қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи асосида вилоятда фаолият юритаётган 22 та спорт таълим муассасасига 4 миллиард 650 миллион сўмлик 41 турдаги жиҳозлар етказиб берилди.
Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Наманган вилоятида 26 та универсал спорт майдончаси, 18 та стритбол воркаут, 15 та воркаут майдончаси қурилиб, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар учун тақдим этилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақасини намунали ташкил этиш ва ўтказиш учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоятдаги 788 маҳалланинг ҳар бирига иккитадан баскетбол, футбол, волейбол тўплари ҳамда гимнастика обручлари етказиб берилди.
Матбуот анжуманида Республикада биринчи бўлиб миллий ва Олимпия спорт турлари бўйича ташкил этиладиган спорт мусобақалари учун иштирокчилардан олинадиган йиғим тўловлари бекор бўлгани маълум қилинди. Бу орқали, аввало, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи ёш спортчиларга имконият ҳозирлаш, асосийси, селлекция ишларини жадаллаштириш, янги номларни кашф этиш мақсад қилинган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири